11:50 / 04.10.2017
11863

KUN.UZ’дан малакали журналистларни ишга қабул қилиш учун танлов

Фото: Freepik

Можо, сторителлинг, лонгрид, копирайтер... Бу сўзлар сизга танишми? Кундалик иш жараёнида шу каби масалалар билан ишлашга тўғри келадими? Демак, KUN.UZ айнан ​Сизни қидирмоқда!

KUN.UZ​ жамоаси ўз сафини кенгайтириши муносабати билан Ўзбекистондаги профессионал, малакали ва ижодкор журналистларни ишга таклиф қилади. Номзодлар танлов асосида ишга қабул қилинади ва қуйидаги йўналишда аризалар кўриб чиқилади:

- журналист-мухбир (брифинг, пресс конференция, тадбир ва маросимларда иштирок этиш, журналистик материалларни йиғиб бориш, давлат идоралари ва ташкилотлари, кенг жамоатчилик билан доимий алоқада бўлиш, таҳририятга келиб тушаётган аҳоли мурожаатларини жойларга чиқиб ўрганиш, долзарб мавзуларда мақола ва янгиликлар тайёрлаш учун)

- корректор (сайт ва сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинадиган мақола ва янгиликларни ўзбек тили грамматик ҳамда имловий қоидалари асосида текшириш ва тузатишлар киритиш учун)

Танловда иштирок этишни истаган номзодлардан:

- олий маълумот тўғрисидаги диплом;

- камида 3 йиллик иш тажрибаси (ёки журналистик фаолиятга доир меҳнат стажи);

- ўзбек тилида мукаммал даражада мулоқот қила олиш ва ёзиш, шунингдек, камида битта хорижий тилни* ўзлаштирганлиги;

- журналистик ахлоқ-одоб масъулиятини чуқур англаган ҳолда фаолиятга доир билимларга** эга бўлиши сўралади.

KUN.UZ ​— Ўзбекистондаги энг фаол онлайн нашрлардан бири. Сайт ўз олдига Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор, аниқ ва холис ахборот беришни мақсад қилиб қўйган. Google Analytics маълумотларига кўра, KUN.UZ​’га ҳар куни 350 минг киши ташриф буюради. Сайт Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб борувчи давлат ва жамоат ташкилотлари билан қонунда белгиланган тартибда ҳамкорлик ўрнатган ҳолда иш олиб боради.​

Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларга:

- расмий меҳнат шартномаси ҳамда бошланғич 1,5 млн. сўм ёки ундан ортиқ ойлик маош;

- тўлиқ ставка бўйича, кун давомида эркин иш график соати (бир ҳафтада 6 кунлик иш соат нормасидан кам бўлмаган тартибда);

- Тошкент шаҳридаги офисга қатнаб ишлайдиган журналистлар учун бепул, мазали тушлик ва қулай иш шароити тақдим этилади

- журналистлар эркин ижод қилиши учун зарур техникавий воситалар билан таъминланади

Ишга қабул қилиш бўйича танлов шу йилнинг 20 октябрига қадар давом этади. Номзодлардан info@kun.uz электрон почта манзилига кичик ҳажм ва эркин тарзда ўзи ҳақида баён этилган маълумотларни (Ф.И.Ш., яшаш ва иш жойи, телефон рақами, иш тажрибаси, соҳадаги фаолиятига доир маълумотлар — чоп этилган мақолаларидан нусхалар ва интернетда эълон қилинган ишларига ҳаволалар) юбориши сўралади.  

--------------

*) хорижий тиллардан рус ва инглиз тилини мукаммал билиш ишга қабул қилинишда устунлик беради.

**) журналистнинг долзарб ва маълум бир йўналишда ихтисослашганига эътибор қаратилади.

Top