Ўзбекистон | 21:00 / 04.10.2017
13858
1 дақиқада ўқилади

Президент Қирғизистон билан чегара бўйича келишувни ратификация қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Қонун 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган эди. Қонун бугун, 4 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи йиғилишида тасдиқланганди.

Ўзбекистон Президентининг 5-6 сентябрь кунлари Бишкекка амалга оширган ташрифи доирасида давлат чегалари тўғрисидаги келишувга эришилганди. Ушбу келишув билан ўзбек-қирғиз чегарасининг 1170,53 километр ёки 85 фоиз ҳудуди делимитация қилинган.

Парламент юқори палатасининг чоршанба куни бўлиб ўтган ялпи йиғилишида маълум қилинишича, икки давлат ўртасидаги чегараларнинг қолган қисми яқин вақтлар ичида хатланиши лозим.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни 2 октябрда имзолаганди. Қирғизистон раҳбари 5−6 октябрь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади.

Мавзуга оид