Талабаларни ҳарбий кафедраларга қабул қилиш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 октябрдаги №809-қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларидаги ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари ҳақидаги Низом тасдиқланди, деб ёзади Norma.uz.
Ўқув бўлинмалари — олий ўқув юртларининг захира ва резерв зобитлари тайёрланадиган цикллари ва курслари, ҳарбий кафедралари, ҳарбий ўқув факультетларидир. Ҳарбий тайёргарликни кундузги бўлимда ўқийдиган йигит талабалар, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртларининг жинсидан қатъи назар барча талабалари (ўқиётган аёллар жами талабалар сонининг 10 фоизидан ошмаслиги керак) ўташади.
Ҳарбий тайёргарликни ректорнинг шу хусусдаги бўйруғи эълон қилинган куни 27 ёшдан кичик бўлган, саломатлиги нуқтаи назаридан соғлом, танловдан ўтган талабалар ўташади.
Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларига талабаларни танлов асосида танлаб олишнинг асосий мезонлари қуйидагича:
1. Тиббий текширувдан ўтиш. Ҳарбий ўқув факультети (ҳарбий кафедра) бошлиғининг талабномасига кўра, ОЎЮнинг жойлашган ҳудудидаги мудофаа ишлари бошқармаси (бўлими) тиббиёт комиссияси томонидан ўтказилади.
2. Индивидуал-психологик ўрганиш. Талабаларнинг мудофаа вазирлиги психолог-мутахассислари томонидан психологик тестдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади ва унинг натижасига кўра қуйидаги хулосалардан бири чиқарилади:
«ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмасида ўқитиш учун тавсия этилади»;
«ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмасида ўқитиш учун тавсия этилмайди»;
3. ОЎЮда ўқиш мобайнида олинган билимларни баҳолаш натижалари. Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмасида ўқитишдан аввал ўқиш мобайнида олинган балларни қўшиш натижасида йиғилади;
4. Умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш. Мудофаа вазирлиги мутахассислари томонидан ўтказилади. Талабаларнинг умумжисмоний тайёргарлиги ўрнатилган талабларга кўра баҳоланади. Жисмоний тайёргарлик талабларига жавоб бера олмаган талабалар танловнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди;
5. Бошланғич ҳарбий тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш. Тест йўли билан ўтказилади.
Ўқишга қабул қилинган талабалар ўқув гуруҳларига бўлинади. Талабаларнинг ҳарбий тайёргарлигига 528 соат ажратилади, жумладан:
450 соат — аудиториядаги машғулотларга. Ўрнатилган тартибга кўра ҳарбий кун усулида ўтказилади (машғулот ўтказиладиган кунда талабалар фақат ҳарбий тайёргарлик билан шуғулланишади). Ўқув машғулотларини ўтказиш учун кунига 6–8 соат ажратилади;
78 соат — ўқув йиғинларига. Йиғин мобайнида ўқотар қуролдан ўқув отишмаси бажарилади, спортнинг ҳарбий-амалий турлари бўйича спорт тадбирлари ўтказилади, ҳарбий тайёргарлик бўйича якуний давлат аттестацияси ўтказилади ва талабалар ҳарбий қасамёд қабул қилишади. Ўқув йиғинларининг давомийлиги — 15 календарь кундан иборат.
Ҳужжат қонунчилик миллий маълумотлар базасида расман эълон қилинган ва 2017 йил 10 октябрдан кучга кирган.
Мавзуга оид
21:10 / 09.01.2021
Янги тартиб бўйича талабалар қанча миқдорда стипендия олади?
10:59 / 22.12.2020
Бош вазир рухсати билан яна гидроксихлорохин олинмоқда. Талабалар бу шубҳали дорини қабул қилишга мажбурми?
17:46 / 21.12.2020
Жиззах пединститутнинг тарих факультети шаҳардан ташқарига кўчирилди: бундан талабалар бироз норози
16:32 / 18.12.2020