Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг гидроксихлорохин асосли «Оксивин» препаратини харид қилаётгани, бу препарат ишлаб чиқарувчиси Ҳиндистон компанияси эканлиги, шунингдек, етказиб берувчи сифатида ягона «Dori-darmon» акционерлик компанияси танлангани ҳамда бу воситалар ОТМларга мажбурий «ўтказилаётгани» катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Республика махсус комиссиясининг бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган 46-сонли йиғилиш баёнига кўра, «Dori-darmon» акциядорлик компанияси 1 млн дона гидроксихлорохин препаратини (бу ўринда «Оксивин», ишлаб чиқарувчи Ҳиндистон компанияси) Ўзбекистонга олиб кираётгани маълум қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига «Dori-darmon» акциядорлик компаниясига Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олдиндан пул ўтказиш йўли билан тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали шу ва бошқа дори воситаларини харид қилиш вазифаси топширилган. Мазкур қарорни қабул қилишда соғлиқни сақлаш тизимининг етакчи мутасаддилари - Э.Боситханова, Н.Парпиев, И.Ливерко, Л.Тўйчиев ва Ҳ.Оқилов кабиларнинг фикрлари инобатга олинган.

Шу турдаги дорилар кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов томонидан имзоланган қўшма қарорга кўра талабалар ва ОТМ ходимлари учун сотиб олинадиган бўлди. Бу харажатларни ОТМлар бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплашлари лозимлиги кўрсатилган.

Самарасиз профилактика ёхуд гидроксихлорохинда қандай сир бор?

Гидроксихлорохин асосли «Плаквенил» дори воситаси бўйича баҳсларга кўп тўхталдик. Бу борада вазирлик мутасаддиларининг фикри бошқача, бевосита беморлар билан ишловчи аксарият шифокорларнинг қарашлари бошқача бўлиб чиқди.

Умуман олганда, пандемия даврида Ўзбекистонда коронавирусга қарши ўнлаб дори воситалари қўллаб кўрилди ва улар орасидан маълум босқичда икки препарат – аввал гидроксихлорохин, кейинчалик ремдесивир нисбатан истиқболли деб топилди.

Вазият тақозосига кўра бири безгакка, иккинчиси Эбола вирусига қарши қўллаб келинган бу дори воситалари коронавирусга қарши курашда ҳам қўлланди.