Ўзбекистон | 09:01 / 14.10.2017
21664
3 дақиқада ўқилади

Машҳур журналнинг махсус сони Ўзбекистонга бағишланди

Ҳиндистонда Business Central Asia журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони нашрдан чиқди.

«Жаҳон» АА сайтида ушбу махсус сон ҳақида ёзилди. Журналдан мустақиллик йилларида мамлакатнинг эришган ютуқлари ва бугунги ривожланиш жараёни ҳақида ҳикоя қилувчи ахборот материаллари жой олди.

Мисол учун, «Мустақил мамлакатнинг буюк байрами» мақоласида Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишидаги ютуқлари, биринчи президент Ислом Каримовнинг суверен мамлакат шаклланиши ва ўтиш даври қийинчиликларини бартараф этишдаги тарихий роли таърифланади.

Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳозирги вақтда, демократик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни янада либераллаштириш ва модернизация қилиш, давлат бошқаруви тизмини такомиллаштириш, жамиятни тубдан янгилаш бўйича ислоҳотларнинг янги босқичи бошлангани таъкидланади.

Алоҳида материаллар Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурига бағишланган. Нашр уларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот беради.

Журналнинг махсус сони, шунингдек, Ўзбекистонда валюта ва солиқ режимларини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида бир қатор мақолаларни ўз ичига олади.

Business Central Asia муаллифлари Ўзбекистондаги динлараро мулоқот, миллатлараро тинчлик ва кўп миллатли мамлакатдаги тотувлик мавзусини эътиборсиз қолдирмади.

«Марказий Осиё - Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши» сарлавҳали мақолада мамлакатнинг янги раҳбарияти минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратаётгани таъкидланади. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича халқаро конференция ҳақида хабар берилади.

Бундан ташқари, нашрда «Шарқ тароналари» ХI Халқаро мусиқа фестивали якунлари, «Жаҳон цивилизацияси тарихида Марказий Осиё Ренессанси» анжумани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган қатор мақолалар чоп этилган бўлиб, уларда бу соҳада юз бераётган ўзгаришлар, мамлакатнинг турли минтақаларида махсус туристик зоналар яратиш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилган.

Журналда шунингдек, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг асосий жиҳатлари очиқланган. Масалан, «Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг чуқур илдизлари» сарлавҳали материалда турли соҳаларда икки томонлама муносабатлар тарихи, бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берилган.

Мавзуга оид