Жаҳон | 13:10 / 16.10.2017
41250
3 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон бадавлат араб давлатларига таклиф билан чиқди

Фото: News.tj

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ривожланган араб давлатларини ислом дунёсидаги ривожланаётган мамлакатларга молиявий ва иқтисодий ёрдам кўрсатишга чақирди, деб хабар бермоқда Азия Плюс.

16 октябрь, душанба куни Душанбеда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон билан Араб иқтисодий ҳамкорлик форуми иккинчи йиғилишининг очилишида чиқиш қилган Имомали Раҳмон ривожланган араб давлатлари ҳиссаси билан тўлдирилиши керак бўлган махсус жамғарма ташкил этишни таклиф қилди.

Тожикистон президенти ғоясига кўра, йиғилган маблағлар, агар керак бўлса, ривожланаётган мусулмон мамлакатларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши керак.

Тожикистон раҳбарининг эслатишича, Европа ва Америка банкларида бадавлат араб мамлакатларнинг миллиардлаб доллари бор. У ушбу маблағларнинг кичик қисмини ривожланаётган мусулмон мамлакатларга ёрдам беришга йўналтиришга чақирди. Аммо, Имомали Раҳмоннинг таъкидлашича, «бу ёрдам беғараз бўлиши керак».

Тожикистон раҳбарининг фикрича, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар айрим мамлакатлар ҳамда гуруҳларнинг худбин мақсадлари натижасидир.

«Барчамиз Сурия, Ироқ, Афғонистонда бугунги кунда содир бўлаётган воқеаларга гувоҳмиз. Тожикистон буни 1990-йилларнинг бошларида ўз кўзи билан кўрган, ўшанда алоҳида гуруҳлар ўзларининг чет эллик ҳомийлари ёрдами билан бу ерда исломий давлатни яратмоқчи бўлишди. Натижада, мамлакат беш йил давом этган фуқаролик уруши гирдобида қолди», - деди Имомали Раҳмон. 

Тожикистон раҳбари форум иштирокчилари эътиборини Тожикистоннинг бой ресурсларига қаратиб, ривожланган араб давлатларига ушбу бойликларни ўзлаштириш учун инвестицияларни йўналтириш таклифи билан чиқди.

«Араб мамлакатларининг ишбилармон ва инвестиция доиралари ривожланиш бўйича ишончли шериклар сифатида юқорида кўрсатилган имкониятлар ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, турли соҳаларда Тожикистондаги давлат ва хусусий компаниялари билан конструктив ҳамкорлик ўрнатишлари мумкин. Тожикистоннинг табиий бойликлари, ноёб табиати араб инвесторлари учун яхши даромад манбаи бўлиши мумкин», - дейди Имомали Раҳмон. 

Душанбеда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбойжон билан Араб иқтисодий ҳамкорлик форуми ишида 28 та мамлакат вакиллари ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирлари даражасида иштирок этмоқда.

Бугун тушдан кейин якунланадиган тадбир якунлари бўйича Душанбе декларациясини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид