Жаҳон | 10:02 / 17.10.2017
8008
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда 2 нафар собиқ депутат қамалди

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳар суди Истиқлол шаҳри кенгашининг икки собиқ депутатини фирибгарлик ҳамда коррупцияга қарши агентлик ходимига пора беришда айблади. Саодат Шарифзода 9, Равшан Ҳасанов эса 5,6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят иши бўйича учинчи шахс - ҳайдовчи Акбар Исмоилов ҳам фирибгарликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд унга 85,000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашни белгилаб қўйди. Истиқлол шаҳри кенгашининг икки депутати Саодат Шарифзода ва Равшан Ҳасанов тўрт ой олдин Хўжандда Давлат молия назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлиги ходимлари томонидан қўлга олинганди.

Давлат молия назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлигининг Сўғд вилояти бўйича Бошқармаси бошлиғи Карим Иброҳимзоданинг матбуот анжуманидаги сўзларига кўра, депутат Саодат Шарифзода 2013 йил давомида ҳайдовчиси Акпар Исмоилов билан биргаликда бир неча маҳаллий аҳоли вакиллари ишончига кириб, улардан 200 минг доллар олишган ҳамда бу маблағни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган.

Унга кўра, Истиқлол шаҳри кенгаши депутати Равшан Ҳасанов коррупцияга қарши кураш маҳкамаси ходимига Саодат Шарифзода номидан жиноятни яшириш учун 2 минг доллар миқдорида пора таклиф қилган.

Иш тўрт йил муқаддам Сўғд вилоятида давлат объектларини хусусийлаштириш учун маълум бир фуқаро судланувчиларга 200 минг доллар пора бергани маълум бўлганидан кейин қўзғатилди. «Ваъда бажарилмаган, ҳамда фуқаро коррупцияга қарши кураш агентлигига ариза билан мурожаат қилди», - дея хабар берди Карим Иброҳимзода.

Мавзуга оид