Фан-техника | 20:57 / 18.10.2017
9733
2 дақиқада ўқилади

Polestar компаниясидан илк купе: 600 от кучи ва карбонли кузов

Фото: motor.ru

Polestar (Қутб юлдузи) компанияси бир вақтлар Volvo компаниясининг завод тюнинг-ательеси эди. Эндиликда, у Швеция савдо белгисига тегишли алоҳида автомобиль ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Компания шу кунларда ўзининг илк мустақил моделини намойиш этди. Янги машинага Polestar 1 номи берилди. 

Моделга гибрид куч агрегати ўрнатилди. Мотор 600 от кучи билан таъминлайди.Купе биргина электрмоторнинг ўзида 150 км йўл босиши мумкин. Унинг динамик хусусиятлари эълон қилинмаган.

Polestar 1 купесига ўрнатилган 2.0 л турботўртлик бензинли двигатель машинанинг олди ғилдиракларини ҳаракатга келтиради. Иккита электрмотор орқа ўқни айлантиради. 

Фото: motor.ru

Модель Volvo компаниясининг SPA платформаси негизида барпо этилган. Шу билан бирга, Polestar 1 дунёда биринчи бўлиб, Öhlins компанияси томонидан ишлаб чиқилган фаол CESi подвескаси билан жиҳозланмоқда. Подвесканинг ҳар бир устуни электрбошқарувли клапанларга эга бўлиб, турли йўл шароитида машина юмшоқлигини таъминлайди. 

Купе кузовининг аксарият панеллари карбондан ясалган. Бу эса машина вазнини 230 кгга енгилроқ қилиш имконини берди. 

Маълум қилинишича, Polestar 1 Хитойнинг Чэнду шаҳридаги заводда ишлаб чиқарилади. 

Фото: motor.ru

Кейинги Polestar машиналари фақат электр моторлар билан жиҳозланиши таъкидланмоқда. Уларнинг навбатдагиси – Polestar 2 – 2019 йилдаёқ пайдо бўлади. У Tesla Model 3 билан харидорлар ишончи учун курашади. Кейинроқ, Polestar 3 деб номланувчи кроссовер пайдо бўлади.

Мавзуга оид