Ўзбекистон | 18:25 / 18.10.2017
5672
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва Air Astana парвозлар сонини кўпайтиришга келишиб олди

Фото: TripAdvisor

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК дирекциясида авиакомпания раҳбарияти ва Air Astana АЖ билан икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида томонлар икки мамлакат сайёҳлик салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида йўловчи ташувларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, «Uzbekistan airways technics» авиакорхонаси базасида Air Astana АЖ ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни амалга ошириш ҳамда МАК Тренажер мажмуасида қозоғистонлик учувчиларнинг тайёргарликдан ўтиши бўйича ҳамкорлик жиҳатлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида икки авиакомпания вакиллари музокаралар Баённомасини имзолади. Тошкентдан Олмаота, Остона ва ортга мунтазам рейслар сонини ошириш ҳақида келишувга эришилди, шунингдек, Қозоғистондан Ўзбекистон тарихий шаҳарлари – Урганч, Бухоро, Самарқандга янги йўналишларни очиш масаласи муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва Air Astana АЖ Тошкент ва Олмаота ўртасида мунтазам парвозларни тенглик асосида амалга оширмоқда – ҳафтасига 6 марта, Остона билан эса – ҳафтасига икки марта.

Мавзуга оид