Ўзбекистон | 10:32 / 21.10.2017
5999
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси АҚШ Конгрессининг муҳим аъзолари билан учрашув ўтказди

Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича Қўмитаси раиси Алишер Курманов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси стафферлар - АҚШ Сенати ва Вакиллар Палатаси ижро аппаратлари, шунингдек, АҚШ Конгрессининг тегишли муҳим қўмиталари масъул ходимлари билан учрашув ўтказди. 

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, томонлар Ўзбекистон-Америка муносабатларининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашишган.

АҚШ томонига Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши жараёни ва иқтисодиёт ҳамда саноат ривожи соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидландики, Ўзбекистонда 14 та эркин иқтисодий зона яратилди, у ерда 469 миллион долларлик 62 лойиҳа амалга оширилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сентябрь ойида амалга оширган ташрифи якунлари, Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган бизнес-форум доирасида етакчи хорижий компаниялар билан эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди.

Томонлар Конгрессдаги муҳим қўмиталардан бўлган ва АҚШ ташқи сиёсатининг Марказий Осиё кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этувчи конгрессменлар ҳамда сенаторларнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкиллаштириш истиқболларини кўриб чиқишди.

Мулоқотда томонлар БМТнинг дин эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга яқинда амалга оширган ташрифи якунларини кўриб чиқишди.

Мавзуга оид