Ўзбекистон | 18:40 / 02.11.2017
14172
2 дақиқада ўқилади

Метронинг барча станцияларида автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилади

2018 йилда барча станцияларда метрополитен хизматларидан фойдаланиш учун тўловнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режага киритилган. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» УК бош муҳандиси Бахтиёр Содиқов Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида маълум қилди. 

«Ҳозирда Мустақиллик майдони метро бекатига махсус турникет синовдан ўтказилмоқда. Агар мазкур тажриба ўзини оқласа, бошқа метрополитен бекатларига ҳам иккитадан турникет ва автоматлар ўрнатилади. Шунингдек, йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида, йўловчилар картасини жорий қилиш масаласи ҳам ўрганилмоқда. Йўловчилар карта ҳисобини тўлдирган ҳолда, унинг ёрдамида метро, автобус, шунингдек, йўловчи поездлари учун йўл ҳақини тўлиш имконига эга бўлишади. Айни дамда бу борада ишлар олиб борилмоқда», дея қайд этди Бахтиёр Содиқов.

Ҳозирги кунда, NFC (Near Field Communication - яқин масофадаги алоқа) карталари ёрдамида объектга кириш ва тўловларни амалга ошириш дунёда оммалашиб бормоқда. Метрога киришда ҳам мазкур технологияни қўлловчи карталардан фойдаланиш имкони яратилмоқда. Ушбу карталар бир маротаба харид қилинади ва ҳисобини тўлдириш орқали доимий фойдаланиш мумкин. 

Жетон ўрнига карта билан. Энди Тошкент метросида европача тизим

Мавзуга оид