20:20 / 06.11.2017
12688

Avtotest марказий ўқув мажмуасида медиатур ўтказилди

Фото: Avtotest

Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш тизимининг ажралмас қисми бўлган йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим давлат вазифаларидан бири саналади. Бу йўналишда Ўзбекистон Республикасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шу жумладан, ҳайдовчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу тариқа, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳисобга олинган ҳолда, республика қонунчилигида транспорт воситаси тезлик режимига талаблар кучайтирилди, бошқарув вақтида ҳайдовчи эътиборини чалғитувчи мобиль алоқа қурилмаларидан фойдаланишга, автотранспорт салонида турли видеотизимларга тақиқ қўйилди, шунингдек, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлик камарини мажбурий тақиши, автотранспорт воситасида тиббий ёрдам тўпламининг мажбурий мавжудлиги ва ичидаги нарсалар, ўт ўчиргич, авариявий тўхташ белгиси, нур қайтарувчи жилет бўйича норма киритилди.

Шунингдек, йўловчилар ва юкларни ташиш билан шуғулланадиган транспорт воситаларининг техник ҳолатига бўлган талаблар кучайтирилди, мураккаб транспорт йўллари ва кесишмаларининг муҳандислик ечимлари, қарама-қарши полосага чиқиб кетишга халақит берувчи ажратувчи қурилмалар, транспортнинг йўл четидаги ариққа чиқиб кетиш имкониятини камайтирадиган махсус йўл жиҳозларининг ўрнатилиши бўйича чоралар кўрилди.

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Тошкентда компьютерлаштирилган йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тизими фойдаланишга топширилди, унинг айрим қисмлари баъзи вилоят марказларида амалга оширилмоқда. Дарвоқе, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг оммавий ахборот воситаларида қилган чиқишларида таъкидланишича, тизим ишлашининг фақатгина биринчи ойи якуни бўйича жиҳозланган чорраҳаларда Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши сони бир неча баробарга камайган. 

Йўловчилар ва юкларни ташишда ЙТҲ сони камайганига қарамасдан, ушбу тоифадаги ҳайдовчилар учун ЙҲҚга риоя қилиш тартиби етарли даражада эмас. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016 йилда йўловчи ва юклар ташувчи транспорт воситаларининг ҳайдовчилари айби билан 972 ЙТҲ рўй берган, уларда 352 киши ҳалок бўлди, 962 киши жароҳатланди. Ушбу ҳайдовчилар тоифасида аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг умумий сони 3 890 ни ташкил қилди.

Шу билан бирга, йўлларда хавфсизликни таъминлаш тизимига таъсирнинг энг самарали шакли – бу ЙҲҚ талабларини қўллаш ва автотранспорт воситаларини бошқаришнинг амалий кўникмалари бўлиб, уларнинг асослари ҳайдовчилик автомактабларда олинади.

Ўқитишнинг инновацион услубларини жорий этиш орқали йўл ҳаракати, фуқаролар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини огоҳлантириш бўйича чораларни кучайтириш, шунингдек, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш мақсадида ИИВ ташаббуси билан 2017 йилнинг 4 сентябрида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 693-сон Қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб юқорида қайд этилган шахслар томонидан «Avtotest» ўқув мажмуалари негизида ҳар 2 йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби ўрнатилди.

«Avtotest» компанияси бу жараённинг нисбатан ёш иштирокчиси (биринчи автомактаб 2015 йилнинг сентябрида очилди, дастурий маҳсулотлар ва махсус адабиётларни ишлаб чиқиш – 2012 йилнинг бошидан) бўлгани ҳолда, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишига ижобий ҳисса қўшмоқда. Компаниянинг фаолият соҳаси – ҳайдовчи кадрларни тайёрлаш жараёнида иштирок этиш, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, замонавий ўқув-услубий маҳсулотларни ишлаб чиқиш.

Компания ривожланиш стратегияси аниқ бир принципларга асосланган, улар орасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш манфаати устуворлиги, фойдали халқаро тажрибани эътиборга олган ҳолда ҳайдовчи кадрларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш, таълимнинг замонавий услублари, илм-фан ва техника ютуқларини қўллаш, бор бўлган муаммолар ҳамда истиқболли ривожланиш йўналишларини муҳокама қилишда очиқлик кабилар бор.  

«Avtotest» компанияси ўқитишнинг янги намунадаги услублари, шакллари, технологиялари ва ташкил этилиши намойиш этилувчи ихтисослаштирилган форумларнинг доимий иштирокчиси. «Avtotest 1.0», «Avtotest 2.0», «Avtotest 3.0» инновацион маҳсулоти хорижий ҳамкорларнинг ижобий мулоҳазалари ҳамда баҳоларига эга, 2013 йилда эса Тошкентда ташкил этилган «Best soft Uzbekistan» кўргазмасида «Дастурий маҳсулот – йил маркаси» номинациясида ғолиб деб тан олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида кўрсатилган Қарори ижроси доирасида, 2017 йилнинг 6 ноябрь куни Avtotest марказий ўқув мажмуасида Ўзбекистоннинг барча минтақаларида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш Марказлари очилишига тайёргарликка бағишланган медиатур ўтказилди.

Тадбир давомида медиатур иштирокчилари яратилган шарт-шароитлар, моддий-техника, ўқув-услубий базалар, шунингдек, ўқитувчиларнинг даражаси ва малакаси билан танишдилар.

Тадбирда «Интранет» ахборот-коммуникация муҳити ёрдамида ўқувчилар ва ўқитувчилар таркибининг қатнашиши юзасидан қатъий мониторинг назорати жараёни кўриб чиқилди. Аудитория машғулотларининг ўтказилиши ҳам реал вақт режимидаги аудио ва видеокузатув ёрдамида назорат қилинади.

Ҳайдовчилар малакасини ошириш зарурлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. ЙҲХДХ матбуот хизмати раҳбарининг таъкидлашича: «Йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш мақсадида, ҳамда ИИВ, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорт агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган таклифларни танқидий ўргатиш натижалари бўйича, 2018 йилнинг 1 январидан юридик шахслар автотранспорт воситаларини бошқарувчи шахслар малакасини ошириш тартиби, «Avtotest Report» МЧЖ ўқув мажмуасини Ўзбекистон Республикасида ушбу малакани ошириш фаолиятини амалга ошириш бўйича махсус ҳуқуққа эга компания сифатида белгилаган ҳолда жорий этиш лозимлиги ҳақида қарор қабул қилинди».

- Ўқув жараёни анчадан бери 20 йиллик стажга эга ҳайдовчилар ёдида бўлган ҳолатда эмас. Биз ўқув жараёнида мультимедиа воситаларидан фаол фойдаланамиз. Машғулотларда ўқитувчи планшетни ишлатади, курслар учун махсус ишлаб чиқилган Avtotest 3.0 дастуридан аннимацион 3D роликлар эса ҳар бир ўқув аудиториясида ўрнатилган катта экранлар ва проекторларда кўрсатилади. Бундан ташқари, ўқитувчилар, методистлар, психологлардан иборат бўлган мутахассислар экспертлик гуруҳи томонидан ўқитишнинг ноёб интерфаол услуби ишлаб чиқилди, унда барча иштирокчилар таълимга қамраб олинади. Ҳар бир эшитувчига Avtotest 3,0 видеомаърузалари бўлган диск ҳамда тарқатиладиган материалга эга иш дафтарлари тақдим этилади, - дейди «Avtotest Report» МЧЖ бош директори Оксана Тигай.

Тадбирда алоҳида таъкидланишича, Avtotest Марказларни яратиш ва ривожлантиришга 25 миллиарддан ортиқ сўм йўналтирмоқда ҳамда бир мингтадан ошиқ иш ўринлари ташкил этилмоқда. Барча Марказлар ўқитишнинг инновацион услубларини жорий этиш учун замонавий қурилмалар билан жиҳозланади, улар ҳозирда Ўзбекистонда аналогларга эга эмас.

-  Курслар иштирокчиларини қабул қилиб олишга Тошкентнинг Миробод, Чилонзор, Шайхонтоҳур туманларидаги марказлар тўлиқ тайёр ва жиҳозланди. Жиҳозлар, мебель сотиб олинди ва Қорақалпоғистон, Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятларидаги Марказларни жиҳозлаш бўйича комплекс ишлар кенг олиб борилмоқда, - дея айтиб ўтди малака ошириш бўйича Департамент директори Маманбий Омаров.

Ишлаб чиқувчилар курсларни сиғимли ва максимал самарали қилишган. Улар фақат бир ҳафта давом этади. Ўқитиш қиймати ҳам мақбул - энг кам иш ҳақининг 2 баробари. Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш учун тўлов иш берувчининг ўз маблағлари ҳисобидан, бюджет ташкилотларида эса - бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Top