Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси 1 августдан эътиборан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар ҳар икки йилда «Avtotest Report» МЧЖда малака оширишлари кераклиги тўғрисидаги хабарлар бўйича тушунтириш берди.

Тушунтиришда фуқаролар юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар фақатгина «Avtotest Report» МЧЖда малака оширишдан норози экани қайд этилган. Бундан ташқари, малака ошириш талабини барча юридик шахсларга эмас, балки юк ва йўловчиларни ташиш фаолиятини олиб борувчи юридик шахсларга татбиқ этиш лозимлиги илгари сурилмоқда.

Мазкур хабарлар юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси қуйидагиларни билдирди.

«Автотранспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралида «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сон қарори қабул қилинган. Мазкур қарорнинг:

  • 1-бандига кўра, 2018 йил 1 августдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакаси ошириш фаолияти давлат таълим муассасалари, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар томонидан амалга оширилиши;
  • 3-бандига кўра, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар, автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслардан ташқари — икки йилда бир марта малака оширишдан ўтиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Мазкур қарорнинг 2-иловаси билан Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида таълим жараёнини такомиллаштириш ва ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 30 апрелдаги 106-сон қарори 2-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташланган.

Яъни, «Avtotest Report» МЧЖ ва унга тегишли бўлган ташкилотларнинг юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарадиган шахслар (ҳайдовчилар) малакасини ошириш фаолиятини юритиш бўйича алоҳида ҳуқуқи бекор қилинган.