12:10 / 08.11.2017
13717

Тошкентда молдовалик циганлар алдов йўли билан буюмларни сотаётгани аниқланди

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига бир неча нафар чет эл фуқаролари Тошкент шаҳридаги бозорлардан ҳар хил турдаги буюмларни арзон нархларда харид қилиб, уларни Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудларида фуқароларга алдов йўли билан қиммат нархларда сотиб келаётганликлари ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Мазкур хабар асосида 2017 йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, тадбир давомида икки нафар циган миллатига мансуб бўлган, Молдова Республикаси фуқаролари 1991 йилда туғилган А.П. ҳамда 1987 йилда туғилган А.Ч. аниқланиб, мазкур шахслар Тошкент вилоятида жойлашган меҳмонхонада вақтинча яшаб, Чилонзор туманидаги “Абу Сахий” бозоридан ошхона анжомлари, идиш-товоқ комплектлари ва шу каби бошқа буюмларни арзон нархларда сотиб олиб, уларни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг атрофида, бозорларда ҳамда супермаркетларда гўёки мазкур буюмлар Европа давлатларида ишлаб чиқарилганлигини билдириб, харидорларни алдаш орқали қиммат нархларга сотиб келаётганликлари маълум бўлди.

Тошкент ИИББ фуқаролардан бозорлар, супермаркетлар, маҳалла ва жамоат жойларида нарса буюмларни сотиш билан шуғулланиб келаётган шахслардан бирор нарса харид қилишдан аввал ушбу буюмнинг ҳақиқий эканлиги, ишлаб чиқарилган жойи, сифати ҳамда нархига эътибор бериш ва алданиб қолмасликни сўраган.

Top