Жаҳон | 13:40 / 16.11.2017
28785
8 дақиқада ўқилади

«Тимсоҳ» Мугабени «еб қўйди» – Зимбабведа давлат тўнтариши

Африканинг Зимбабве давлати президенти Роберт Мугабе ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинганидан сўнг, бугун 16 ноябрь куни матбуот анжумани беради. У ҳар эҳтимолга кўра, вице-президент фойдасига ҳокимиятдан воз кечади. Армия раҳбарияти эса, ўзларининг ҳаракати давлат тўнтариши эмаслигини, балки мамлакат сиёсий тизимини тозалашга уриниш эканини таъкидламоқда. Аммо Ҳарарадаги воқеалар қандай баҳоланишидан қатъи назар Африканинг “диктатор” раҳбарларидан бирининг 40 йиллик бошқарувига чек қўяди. 

Фото: Philimon Bulawayo/Reuters

Бир ҳафталар аввал Зимбабвенинг умри охиригача ҳукмдори саналган 93 ёшли Роберт Мугабе даври шундай қилиб поёнига етмоқда. Африка давлати президенти бир гуруҳ ҳарбийларнинг тил бириктириши оқибатида ҳокимиятдан четлаштирилмоқда. Ҳарбийлар орасида эса, бир гуруҳ олий генералитет вакиллари ҳам бор. 

Ҳозирда Роберт Мугабе уй қамоғида сақланмоқда. Унинг ўзи бу ҳақда ЖАР етакчиси Жейоб Зумага маълум қилган, деб хабар қилмоқда News 24. Мугабе «яхши ҳолатда» эканини айтган.

Аввалроқ, мамлакат ҳарбийлари Роберт Мугабени ҳибсга олганини билдирган ва «мамлакатдаги вазият бошқа ҳолатга ўтганини» эълон қилди. Генерал-майор Сибусисо Мойонинг баёнотига биноан, президентга ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ. Гап давлат тўнтариши ҳақида эмас, ҳукмрон Zanu-PF партияси сафларини «тозалаш» ҳақида бормоқда. Бироқ офицерлар ҳибсга олиш арафасида анчагина қатъият билан ҳаракат қилишган эди.

Название

Зимбабве пойтахтида отишмалар рўй берди. Шаҳар кўчаларида зирҳли техникаларни кўриш мумкин эди. Хабарларга кўра, Мугабе ўрнини мамлакат вице-президенти Эммерсон Мнангагва эгаллаши керак. У мамлакат юқори доираларида энг обрўли сиёсатчилардан бири ҳисобланади. Мнангагва узоқ вақт мобайнида ҳукмрон партиянинг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлиб келди. У мустамлакачиликка қарши уруш вақтида партизанлар сафида кураш олиб борган ва қамоққа тушгач, қийноқларга солинган. Шу жиҳати ҳам борки, сиёсатчининг ўзи ҳам анча қаттиққўллиги билан машҳур бўлиб, «Тимсоҳ» лақаби билан аталади.

Британиянинг The Daily Mail нашрининг ёзишича, 1980-йилларда Мнангагва этник камчиликларнинг қўзғолонини ваҳшийларча бостирган. Бунда қўзғолончиларга қарши амалиётларда иштирок этган махсус бўлинмаларни КХДР ҳарбийлари тайёрлаган. Мугабе етакчилигидаги Африка миллатчилари ғалаба қозонганидан сўнг, унинг сафдоши мамлакатда турли лавозимларни эгаллаган, ҳатто мудофаа вазири ҳам бўлган. 

Шунинг баробарида Мугабе «Тимсоҳ» таъсиридан хавотирлангани асоссиз бўлмаганини сўнгги воқеалар исботлаб турибди. 2007 йилдаёқ Мугабедан норози бир гуруҳ ҳарбийлар уни ағдариб, ўрнига Мнанганвани олиб келишни режалаштиргани маълум қилинганди. Бироқ Мнанганвани устамонлиги ва моҳирлиги ҳибсга олинишига йўл қўймади, аксинча Зимбабве биринчи вице-президенти бўлиш имконини берди. 

Шу йилнинг августида Мнангагва заҳарланди ва ЖАРда даволанди. Ноябрь ойи бошларида Мугабенинг рафиқаси Грейс билан сен-менга бориб қолганидан сўнг, президент томонидан вазифасидан четлаштирилди. Шундан сўнг, сиёсатчи яна ЖАРга қайтди ва у ердан мамлакат ҳарбийларининг қўллаб-қувватлашига эришди. 

Фото:  Мнангагва/Reuters

Мнангагва қачонлардир Буюк Британиянинг энг бой мустамлакаси бўлган давлатнинг энг бадавлат кишиси деб билишади. Бунда вице-президент Мугабедан анча ёш бўлишига қарамай, аслида навқирон ёшда эмас. У ҳам 75 ёшни яшаб қўйган.

Қайд этилишича, Мугабенинг ҳокимиятдан четлаштирилиши партия фракциясининг Грейс Мугабе қўллаб-қувватлаб келган душманона сиёсатига барҳам берилишини англатади. Давлат раҳбари сўнгги йилларда айнан уни ўз меросхўри қилишга уриниб келаётган эди. Бироқ у ошкора манманлик ва дабдабавозлиги учун аксар зимбабвеликларнинг нафратини уйғотиб келган. Грейс эса, камтарликни четга суриб қўйгани ҳолда фуқаролар «Мугабенинг жасади»га овоз беришга шайлигини таъкидлаб келар эди.

Эндиликда, айнан унинг турмуш ўртоғи «сиёсий жасад»га айланмоқда. Грейс мамлакатни тарк этди, деб хабар қилди SkyNews манбасига таянган ҳолда. Агентлик маълумотларига кўра, собиқ биринчи хоним Намибияга йўл олган. Африка янгиликлар агентлиги (ANA) Зимбабве хавфсизлик хизматидаги манбасига таянган ҳолда Мугабе рафиқасининг мамлакатни тарк этишига имкон берилиши эвазига истеъфога чиқишга рози бўлган. 

Зимбабведаги воқеалар туфайли баёнот берган Африка Иттифоқи ҳодисаларни «конституциявий давлат тўнтариши»га қиёслади ва ҳарбийларга мурожаат қилиб, мамлакатдаги вазиятни яна ўз оқимига тезроқ қайтаришга чақирди. Бироқ Африка йўналишида фаолият юритувчи россиялик дипломатлардан бири «Газета.Ru» билан суҳбатда Африканинг айрим давлатлари бўлаётган воқеаларни ижобий қаршиламаслиги мумкин, деб фикр билдирди. «Зимбабведаги воқеалар 2015 йил май ойида Бурундида амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишнинг айнисидир. Бурунди мухолифати шу муносабат билан ижтимоий тармоқларда Бурунди ва Руандада ҳам шу нарсани такрорлашга чорламоқда», — дейди дипломат. 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам минтақа бўйича аксарият экспертлар мамлакат раҳбарининг 40 йиллик бошқаруви тугади, деган фикрда якдиллик билдиришмоқда. 

Британиянинг The Telegraph нашри ёзишича, Мугабе «ўз даврининг энг шафқатсиз ҳукмдорларидан бири сифатида» мамлакат тарихида узоқ из қолдиради.

Мугабе ҳам Африканинг аксар етакчилари босиб ўтган ва дуч келган тақдир синовини бошидан кечирмоқда. Диний таълим олган ажойиб нотиқ Британиянинг мустамлакачилик сиёсатига қарши курашчи сифатида донг таратди. 1980 йили мустақил Зимбабве бош вазири бўлди. 1987 йили ўз лавозимини бекор қилиб, ўзини мамлакат президенти деб атади.

Мугабе бошқарувининг илк йиллари ислоҳотлар билан кечди. Бу нарса мамлакат иқтисодий ҳолатини яхшилади. Буюк Британия ва Зимбабве ҳукумати ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, бу ерда меҳнатини давом эттираётган оқ танли фермерлар ва уларнинг бошқарувига қаршилик қилаётган тубжой аҳоли ўртасида тинчликка эришилди.

Келишувнинг асл моҳияти шундан иборат эдики, мамлакат ҳукумати оқ танли фермерларнинг ерларини сотиб олиши керак эди. Албатта, 2000 йиллар бошида Тони Блэр ҳукумати шунинг учун белгиланган маблағни ажратишни тўхтатгани кескин тўқнашувларга сабаб бўлди ва ерларнинг қуролланган радикаллар томонидан эгалланишига олиб келди.

2001 йили АҚШ ва ЕИ Мугабе тузумига қарши санкция киритди. Жазо чоралари рўйхатига 81 киши киритилди. Уларнинг орасида президентнинг ўзи, ҳукмрон Zanu-PF (Зимбабве Африка миллий иттифоқи) раҳбарлари ва президентга яқин кишилар бор эди. Бундан ташқари, санкциялар олмос ҳамда бошқа фойдали қазилмалар қазиб олувчи йирик захира компанияларига ҳам жорий этилди. Экспертларга кўра, Ғарб жорий қилган қамал Зимбабвега 42 миллиард долларга тушди.

Мамлакат ҳукумати ташқаридан босимни заифлаштириш мақсадида маълум бир ислоҳотларга қўл урди. Масалан, президентлик муддати камайтирилди. Мугабе мамлакат бошқарувига ўзининг собиқ сиёсий рақиби Морган Цвангираини жалб этди, аммо 2013 йилги сайловлардан сўнг унинг лавозими йўқ қилинди. Ҳокимият тўлиғича Мугабе қўлида тўпланди. 

Президентнинг ҳокимияти бошқалар билан бўлишишни истамагани аҳолининг турли қатламлари орасида норозилик келтириб чиқарди. 

«Газета.Ru» билан суҳбат қилган африкалик тадқиқотчи Кестер Кломегахнинг сўзларига кўра, давлат бошқаруви кўриниши эътиборга олинса, Зимбамбведа ҳарбий давлат тўнтаришини кутиш мумкин эди. 

«Мугабе мамлакатни мустақил қилди. Бу ҳурмат қилишга арзийди. Лекин унинг тақдири Қоддофий тақдирига ўхшаш бўлишини хоҳламасдим. Эндиликда, янги раҳбариятнинг асосий вазифаси замонавий етакчилар авлодини вояга етказишдир».

 

Мавзуга оид