Африканинг Зимбабве давлати президенти Роберт Мугабе ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинганидан сўнг, бугун 16 ноябрь куни матбуот анжумани беради. У ҳар эҳтимолга кўра, вице-президент фойдасига ҳокимиятдан воз кечади. Армия раҳбарияти эса, ўзларининг ҳаракати давлат тўнтариши эмаслигини, балки мамлакат сиёсий тизимини тозалашга уриниш эканини таъкидламоқда. Аммо Ҳарарадаги воқеалар қандай баҳоланишидан қатъи назар Африканинг “диктатор” раҳбарларидан бирининг 40 йиллик бошқарувига чек қўяди.

Бир ҳафталар аввал Зимбабвенинг умри охиригача ҳукмдори саналган 93 ёшли Роберт Мугабе даври шундай қилиб поёнига етмоқда. Африка давлати президенти бир гуруҳ ҳарбийларнинг тил бириктириши оқибатида ҳокимиятдан четлаштирилмоқда. Ҳарбийлар орасида эса, бир гуруҳ олий генералитет вакиллари ҳам бор.
Ҳозирда Роберт Мугабе уй қамоғида сақланмоқда. Унинг ўзи бу ҳақда ЖАР етакчиси Жейоб Зумага маълум қилган, деб хабар қилмоқда News 24. Мугабе «яхши ҳолатда» эканини айтган.
Аввалроқ, мамлакат ҳарбийлари Роберт Мугабени ҳибсга олганини билдирган ва «мамлакатдаги вазият бошқа ҳолатга ўтганини» эълон қилди. Генерал-майор Сибусисо Мойонинг баёнотига биноан, президентга ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ. Гап давлат тўнтариши ҳақида эмас, ҳукмрон Zanu-PF партияси сафларини «тозалаш» ҳақида бормоқда. Бироқ офицерлар ҳибсга олиш арафасида анчагина қатъият билан ҳаракат қилишган эди.

Зимбабве пойтахтида отишмалар рўй берди. Шаҳар кўчаларида зирҳли техникаларни кўриш мумкин эди. Хабарларга кўра, Мугабе ўрнини мамлакат вице-президенти Эммерсон Мнангагва эгаллаши керак. У мамлакат юқори доираларида энг обрўли сиёсатчилардан бири ҳисобланади. Мнангагва узоқ вақт мобайнида ҳукмрон партиянинг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлиб келди. У мустамлакачиликка қарши уруш вақтида партизанлар сафида кураш олиб борган ва қамоққа тушгач, қийноқларга солинган. Шу жиҳати ҳам борки, сиёсатчининг ўзи ҳам анча қаттиққўллиги билан машҳур бўлиб, «Тимсоҳ» лақаби билан аталади.
Британиянинг The Daily Mail нашрининг ёзишича, 1980-йилларда Мнангагва этник камчиликларнинг қўзғолонини ваҳшийларча бостирган. Бунда қўзғолончиларга қарши амалиётларда иштирок этган махсус бўлинмаларни КХДР ҳарбийлари тайёрлаган. Мугабе етакчилигидаги Африка миллатчилари ғалаба қозонганидан сўнг, унинг сафдоши мамлакатда турли лавозимларни эгаллаган, ҳатто мудофаа вазири ҳам бўлган.








