Қишлоқ ҳаёти. Сой сувини ичишга мажбур бўлаётган нуроталиклар
KUN.UZ таҳририятига Навоий вилояти Нурота тумани Қизилча МФЙ фуқароси Қурбонов Даврон мурожаат қилди. 1938 йилда туғилган отахон Қизилча қишлоғидаги мавжуд муаммоларни санаб кетди. Хусусан, бир неча йиллардан бери 5 500 киши истиқомат қиладиган аҳолининг ичимлик суви муаммоси ҳал этилмай келаётгани ва бошқа қатор масалалар борлиги ҳақида сўзлади. Қурбоновнинг айтишича, у МФЙ номидан туман ва вилоят ҳокимликларига, виртуал ва халқ қабулхоналарига мурожаат қилган бўлса-да, сўнгги ижро этувчи туман ҳокимлиги бўлганлиги сабабли истеъмолга яроқсиз ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳал этилмаётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан таҳририят махсус мухбирлари журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида Нурота туманига отланди.
Айтиш жоизки, Нурота тумани Навоий вилоятининг тоғли-чўлли ҳудудида жойлашган. Аҳолининг аксар қисми, биз борган Қизилча қишлоғи ва унинг атрофидаги бошқа аҳоли пунктларида яшовчилар, асосан, чорвачилик билан шуғулланади. Тоғ ва чўл зонаси бўлгани сабабли айрим аҳоли пунктларининг оралиғи 20-25 км, ундан ҳам ортиқ масофани ташкил этади.
Даставвал вазиятни ўрганишни Қизилча қишлоғидаги кўчма бозор фаолияти билан танишишдан бошладик. Аммо уни биз “бозор” дейишга тилимиз бормади. Маълум бўлишича, бу ерда ҳафтанинг ҳар душанба куни теварак-атрофдан келган тадбиркорлар 4-5 соатга савдо қилишар экан. Аҳоли ўзларининг озиқ-овқатга бўлган бир ҳафталик эҳтиёжини шу вақт оралиғида сотиб олиш билан қаноатлантиради.
Бу маҳаллада 5 минг 500 дан ортиқ фуқаро истиқомат қилишига қарамай, қишлоқдаги иқтисодий вазият анча оғирлигини “бозор”нинг аҳволидан ҳам билса бўлади. Қайд этиш ўринлики, бозорда бирорта ҳам савдо растасини кўрмадик. Бунинг сабабини суриштирганимизда, аслида бу ерда бозор ташкил этилмаган. Аммо узоқ йиллардан бери савдогарлар ва қишлоқ фуқаролари ташаббуси билан ҳафтанинг душанба куни бир неча соатга шу каби йирик савдо ташкил этилади. Кўпчилик фурсатдан фойдаланиб, шу куни ҳафталик эҳтиёжлари учун озиқ-овқат ёки бошқа маҳсулотларни харид қилади. Ахир, энг яқин бозор жойлашган Нурота тумани марказига бориш учун ҳам 60 километрга яқин масофага бориб келиш талаб этилади.
Аммо “бозор”да санитария талабларига умуман эътибор берилмаслигини таъкидлашга ҳожат йўқ. Мана бу тасвирлар изоҳга муҳтож эмас.
Қизилчаликларнинг айтишича, бозор ҳудуди яқинида шу ердаги 22-ўрта мактабнинг эски биноси чала бузилган ҳолда ётибди. Аммо фаоллар шу мактабдан чиққан яроқли қурилиш материалларидан бозор расталари ёхуд маҳалладаги ёрдамга муҳтож оилаларга уй қуриб беришни сўраб ҳокимликка мурожаат қилишган, бироқ бу илтимос турли важлар билан рад этилган. Қолаверса, вилоят ёки халқ қабулхоналарига мурожаат қилинса, улар муаммони ҳал этиш учун туман ҳокимиятига юборишади, туман ҳокимияти эса, ҳеч қандай амалий чора кўрилмагани ҳолда, келиб бир-икки фаол билан учрашиб, қоғозда жавоб бериш билан чекланмоқда.
Бозордаги аҳволни ўрганганимиздан сўнг, келажак авлод вакиллари таҳсил олаётган 22-ўрта мактабни бориб кўрдик. Оқсоқоллар мактабда дарсликлар етишмаслиги, дарсхоналарнинг умумий аҳволи қониқарли эмаслиги, таълим масканининг учинчи ўқув биноси ҳам умуман яроқсиз аҳволга келиб қолганини айтишди.
Мактаб директори Сабоҳат опа Жумаева билан учрашганимизда юқоридаги даъволар қанчалик ҳақиқатга яқинлигига ойдинлик киритилди. Унинг изоҳ беришича, аслида ўрта таълим мактаби 2019 йилги капитал таъмирлаш дастурига киритилган. Бу нарса туман халқ таълими бўлими вакили тақдим этган ҳужжатда ҳам ўз аксини топгани аниқланди. Шунга қарамай, бу йил ҳам спорт зали ва ошхонанинг томи шифер қоплама билан ёпилган. Эндиликда ташқи фасадини таъмирлаш ишлари қолган. Мактабдаги дарсликлар етишмаслигига изоҳ берган Жумаевага кўра, айни вақтда етишмаётган дарсликлар рўйхати бўйича буюртма берилган. У бу сўзларни исботи тариқасида буюртма қоғозлари билан таништирди.
Шундан сўнг, Даврон ота Қурбонов ва бошқа фаоллар билан учрашдик. Уларнинг айтишича, Қизилчада энг жиддий муаммо бу ичимлик суви масаласидир. Фаоллар тақдим қилган ҳужжатларда туман ДСЭНМ томонидан 7 та сув манбаидан намуналар олингани ва уларнинг ичишга яроқсизлиги бўйича хулосалар тақдим этилганини кўриш мумкин.
Туман ДСЭНМ бош врачи Бобур Ийдиевнинг 2017 йил 2 октябрдаги №07-03/944 сонли мактубида қайд этилишича, 2017 йил 13 сентябрда олинган сув намуналари вилоят ДСЭНМ санитария-гигиеник ва бактериологик лабораториясида таҳлил қилинганида, сувни зарарсизлантирмасдан тўғридан-тўғри амалдаги 950-2011 Давлат андозасига биноан аҳолининг истеъмол қилишига рухсат берилмайди.
Мактубда сойдан оқиб келаётган сувларнинг ифлосланишдан ҳимоялаш, зарарсизлантириш ускуналарини қуриш ва бошқа чораларни кўриш, шу билан аҳолининг ичимлик сув муаммосини ҳал этиш зарурлиги таъкидланади.
Навоий вилояти “Сувоқава” давлат унитар корхонаси 2017 йил 10 октябрда йўллаган жавоб мактубида туман ДСЭНМ мактубида кўрсатилган талаблар бўйича ишлар амалга оширилгани, аммо “Қизилча” сув иншоотига ичимлик сувини зарарсизлантириш ускунасини ўрнатишга вилоят “Сувоқава” ДУКнинг молиявий имконияти етарли эмаслиги айтилади. Шу билан бирга, мактубда сувни зарарсизлантириш бўйича туман ДСЭНМ томонидан қўйилган талаблар ижроси бўйича амалий чоралар кўрилгани таъкидланади.
Бироқ ҳолатни жойига бориб ўрганимизда, бунинг аксига дуч келдик. Сув тўпланаётган цистерна қопқоғи йўқлиги, иккинчи сув тўпланадиган ҳовузнинг усти очиқлиги, унга сув очиқ бетон ариқча орқали келаётганига гувоҳ бўлдик. Маҳалла фаолларининг айтишича, туман ва вилоят мутасаддилари келиб-кетишмоқда, бироқ муаммо ҳал бўлаётгани йўқ.
Собиқ Иттифоқ даврида бу ерга 14-16 км узоқликда, Нурота тоғ тизмаларида жойлашган Қорабулоқдан қувур орқали сув келтирилган. 2015-2016 йилларда аҳоли сони эътиборга олиниб, у ердан қўшимча равишда яна бир қувур тортишга қарор қилинган, шу мақсадда давлат ғазнасидан дастлаб 2015 йилда 450 млн сўм, кейинги йили 350 млн сўм, жами 800 млн ажратилган. Бироқ сув келтирувчи қувурларни жойлаштиришда лойиҳалаш ишлари юзаки ўтказилгани сабаблидир, ким билсин, ишлар ўлда-жўлда қолиб кетган. Айни вақтда янги қувурдан фойдаланилаётгани йўқ. Ичимлик сувининг дастлабки манбаигача уюштирган бир неча километрлик пиёда саёҳатимизда ўтган асрнинг 50-йилларида барпо қилинган қувур орқали сув келтирилаётганига гувоҳ бўлдик.
Бу ерда изоҳ бериш керак бўлган жиҳати шуки, маҳаллий аҳоли орасида “шаршара” деб аталувчи ичимлик сув манбасига тоғ тизмасининг юқори қисмида жойлашган Қорабулоқдан сув келади. Шаршарадаги сув ва унинг атрофидаги санитар ҳолат ҳам ҳавас қилгудек эмас. Қолаверса, чўпонлар қўй-эчки ва бошқа чорва молларини сув манбаи атрофида боққани туфайли сув турли содда зарарли паразитлар манбаига айланган.
Аммо кейинги вақтларда бир неча 10 йиллар аввал барпо этилган тизим эскирганлиги туфайли сув билан боғлиқ муаммо юзага чиқа бошлади. Ўша вақтларда қишлоқнинг 5 та нуқтасига ўрнатилган жўмраклардан ҳозирда сув олишнинг имкони йўқ. Қишлоқда бир дона трансформатор бўлиб, у бугунги кунда 5,5 минг кишининг электр энергиясига бўлган талабини қондиришга кучи етмаяпти. Қишлоқнинг охирроғида истиқомат қилувчилар электр кучи пастлигидан нолиб, бир неча маротаба туман электр тармоқларига ҳам мурожаат қилишган, бироқ қайси масалада мурожаат қилинган, виртуал қабулхонага ҳам ёзилган бўлса, қуйи бўғиндаги давлат ҳокимияти вакиллари ҳисобот учун қоғоз тўлдиришмоқда, дейди қишлоқликлар. Бундан бошқа муаммолар ҳам талайгина.
Гўёки муаммоларни санаса, адоғи йўқдек. Оқсоқолларнинг айтишича, Қизилчада 12 дан ортиқ том маънода кам таъминланган, уйсиз, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқаролар бор. Хусусан, биз тос суяги синиши оқибатида тўшакка михланиб қолган Ўролова Бибихол, инсулт туфайли танасининг ¾ қисми ишламай қолган Юсупова Ойжамол момо, уй-жойи йўқ ёки ачинарли аҳволда бўлгани ҳолда боқувчиси ногирон бўлиб қолган Бойжиева Назира ҳамда М. Холбековаларнинг хонадонида ҳам бўлдик. Гапнинг индаллосини айтганда, уларга шошилинч моддий ёрдам кўрсатилиб, тураржойларидаги камчиликлар тузатилмаса, бу йилги қиш мавсуми улар учун ҳақиқий ҳаёт-мамотга айланиши турган гап.
Биз мазкур муаммолар гирдобидан чиқиб, изоҳ сўраб туман ҳокимиятига бордик ҳамда Нурота ҳокими Жамолиддин Ҳамроев ва бошқа мутасадди раҳбарлар билан учрашдик. Жамолиддин Ҳамроев туман тоғ-чўл ҳудудига кириши, шу сабабли ичимлик сув билан боғлиқ муаммо туманнинг аксар ҳудуди, жумладан Қизилча ва унга ёндош ҳудудларда жиддий эканини таъкидлаб, қишлоқ аҳолиси бу масала билан жуда кўп маротаба мурожаат қилганини эътироф этди. У Қизилчага қувур орқали келаётган сувни зарарсизлантириш ва қишлоқдаги бошқа мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар кўришини таъкидлади.
Хуллас, туман ҳокими Ҳамроев ўз ваъдаси устида тура олиши ёки олмаслигини вақт кўрсатади.
Толиб Раҳматов
Маъруфжон Асқаров
Навоий вилояти, Нурота тумани
Мавзуга оид
13:31 / 22.11.2024
Бухоро ва Навоийда саксовулларни синдирганларга 43 млн сўм жарима белгиланди
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024