Технология | 08:46 / 17.11.2017
6161
2 дақиқада ўқилади

Polaroid смартфонни фотопринтерга айлантирувчи қурилма яратди

Motorola Moto Z смартфонларининг орқа панелига ўрнатилувчи ва уларнинг функционаллигини оширувчи Moto Mods қурилмалари қатори антиқа қурилма – Insta-Share мини-принтери билан тўлдирилди. Қурилма смартфондаги тасвирни босмага чиқаришга имкон беради.

Бу мини-принтер Polaroid билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, унга АҚШда буюртмалар олиш бошланди. Бошқа Moto Mods қурилмалари каби ушбу гаджет ҳам смартфоннинг орқа панелига магнит ёрдамида қотирилади. 

Polaroid Insta-Share Printer қурилмаси биринчи марта 2017 йил январда CES кўргазмасида намойиш қилинган.

Қурилма сиёҳларсиз босиш технологияси ZINK’ни қўллайди. Бу технология Polaroid томонидан 1990-йилларда яратилган, 2005 йилда эса ZINK алоҳида компания сифатида фаолият юрита бошлаган. У ZINK-принтерлар учун зарур бўлган термоқоғозни ишлаб чиқаради ва ZINK-технологияни ихчам фотопринтерлар ишлаб чиқарувчи компанияларга лицензия асосида беради. Бундай принтерлар, жумладан Insta-Share Printer 2 га 3 дюйм ўлчамдаги (тахминан 5 га 8 см ли) суратларни чоп этади. Чоп этиш учун суратларни нафақат смартфондан, балки Facebook, Instagram ёки Google Photos’дан юклаш мумкин.

Қурилма 199 доллар – Polaroid’нинг ZINK технологиясига эга бошқа мобил принтерларидан 80 доллар қимматроқ туради. Янги қурилманинг портативлиги шартлидир, чунки бундай қалин ўлчамли қурилма билан ҳамма смартфонни ҳам чўнтакка жойлаштириб бўлмайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид