Спорт | 19:17 / 26.11.2017
38230
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик мураббий россиялик боксчига жаҳон чемпиони бўлишда ёрдам берди

Фото: AFP

Ўзбекистонлик мураббий Аброр Турсунпўлатов россиялик боксчи Сергей Ковалёвга украиналик боксчи Вячеслав Шабранский билан жангда жаҳон чемпиони унвонини қайтариб олишда ёрдам берди.

Икки боксчи ўртасидаги Бутунжаҳон бокс ташкилоти ( WBO) версияси бўйича 79,38 кг гача вазн тоифасидаги жанг Нью-Йоркдаги “Мэдисон Сквер Гарден” аренасида бўлиб ўтди. Жанг узоқ чўзилмади: россиялик 2-раунднинг ўзидаёқ техник нокаут билан ғалаба қозонди. Ҳакам украиналик боксчи 3 марта нокдаун ҳолатига тушгандан кейин жангни тўхтатишга қарор қилган.  

1-раунднинг ўзида Ковалёв Шабранскийни икки марта рингга қулатди. 2-раундда украиналик мушт ейишда давом этди. Ҳакам Шабранский яна бир нокдаунга учрагандан кейин жангни тўхтатган. Шу тариқа, 34 ёшли Ковалёв 31-ғалабасини  қўлга киритди.

Бу ғалаба россиялик учун фаолиятини якунлаган америкалик боксчи Андре Уорддан қаторасига учраган икки мағлубиятдан кейин илк ғалаба бўлди. 

Россияликни жангга унинг янги мураббийи – ўзбекистонлик Аброр Турсунпўлатов тайёрлади. Ҳамюртимиз 3 ой ичида россияликнинг жанг олиб бориш услубига баъзи ўзгартиришлар киритди ва уни “руҳан” тайёрлади.

Сергей Ковалёв ва Аброр Турсунпўлатов. 

Ковалёв олдида бу ғалабадан кейин янги истиқболлар очилди: у бу вазн тоифасида қолган версиялардаги чемпионлар билан жанг қилиш имкониятини қўлга киритди. Унинг кейинги эҳтимолий рақиблари янги чемпионлар Артур Бетербиев (IBF) ва Дмитрий Бивол (WBA) бўлиши мумкин. Уларнинг иккиси ҳам Россиядан. Ковалёвга кейинги рақиб Бетербиев бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Аброр Турсунпўлатов Олимпиада ғолиби Фазлиддин Ғоибназаровнинг мураббийи ҳисобланади. Фазлиддин унинг мураббийлиги остида Рио Олимпиадасининг олтин медалини қўлга киритганди. Ҳозирда иккала ҳамюртимиз АҚШда профессионал боксда фаолият юритмоқдалар. Турсунпўлатов Ковалёв билан айнан АҚШда учрашиб, унга мураббийлик қилишга розилик берган.

Мавзуга оид