Жамият | 11:08 / 01.12.2017
108087
5 дақиқада ўқилади

ОИТС хавфи ҳақида ошкора гапириш керак!

Фото: Fotolia

ОИТС(СПИД) касаллиги ҳақида жуда кўп эшитамиз. Дарҳақиқат, тарғибот ишлари кучидан ушбу бедаво хасталикка чалиниш сабаблари ва унинг оқибатлари борасида деярли барча кишилар бошланғич тушунчага эга. Лекин, шундай бўлишига қарамай, касалланган инсонлар сони камайиб қолаётгани йўқ. Демак, жамиятимизда касалликни олдини олиш бўйича ҳали кўп ҳаракат қилишимиз зарур. Лекин, кўпчилик кишилар айнан шу касалликдан атрофидаги инсонлар азият чекканидагина хулоса чиқармоқда.

Шу ўринда айтилавериб, таъсир кучини деярли йўқотаётган иборага тўхталамиз: “Касалликни даволашдан кўра, олдини олган маъқул”. Қуйида келтириладиган мисоллардан бири ўқувчига сабоқ бўлади деган умиддамиз.  

Она ҳасрати: “Қизимиз вояга етгач, хонадонимиздан совчиларни кети узилмай қолди. Табиийки, қизимизни унаштирдик. Никоҳгача тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини мутахассислар айтишди ва биз тиббий кўрикдан ўта бошладик. Куёв томондагилар эса тўйни тезлаштириш кераклигини тиббий кўрикдан тўйдан сўнг ўтса ҳам бўлишини айтишганида, шубҳа қилмай, бепарволарча рози бўлдик. Орадан ойлар ўтиб, қизимни ҳомиладор эканини, яқинда буви бўлишимни айтишганида жуда хурсанд бўлиб кетдим. Лекин хурсандчилигим узоққа бормади. Ҳомиладорлик бўйича қон намунасини топширгани олиб бордим. Қизимизда ОИВ вируси борлигини эшитиб, оқибатда унинг ОИТС (СПИД) касаллигига чалинганини тушуниб, эътиборсизлигим туфайли фарзандим ҳаётини хавфга қўйганимни англаб, даҳшатга тушдим. Куёв йигитда ушбу касаллик бўлган ва қизимга юққан экан. Фарзандим учун ОИТС ҳақида маьлумот олиш мақсадида атрофга назар солсам кўчаларда шифохоналарда огоҳликка чақирувчи кўплаб ёзма манбалар борлигини кўрдим. Менинг ОИВ касаллиги тўғрисида тушунчага эга бўлмаганлигим фарзандим ҳаётини салбий томонга бурилишига олиб келди. Азизлар, сизлар ҳам менинг ҳолатимга тушмаслигингиз учун сизларни огоҳликка чақираман”

Фото: Fotolia

Бундай мисолларни кўплаб кетиришимиз мумкин. “1 декабрь-Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни”. Аслида, инсониятга хавф солаётган дарди-бедаво касаллик билан ҳар куни ҳар соатда курашишимиз зарурлигини унутманг!  

ОИВ/ОИТС БУ НИМА?

ОИВ (ВИЧ) – Одам организмидаги Иммунитет Танқислигини келтириб чиқарувчи Вирус. Асосан одамнинг иммунитет (ҳимоя) тизимига таъсир қилади.

ОИТС (СПИД) – Орттирилган Иммунитет Танқислиги Синдроми. У ОИВ инфекциясининг якуний босқичи ҳисобланади.

ОИВ-инфекциясида одам организмига тушган вирус таъсирига иммунитет тизими маълум даражада жавоб қайтаради. Касаллик аломатлари деярли бўлмайди. Уни фақат лаборатория текширишлари кўрсатади. АРВТ қабул қилмаган ҳолатларда организмда касалликнинг авж олиш даври тезлашади. Вирус миқдори ошиб, иммун тизим сустлашиб иккиламчи касалликлар ривожланиши мумкин.

Шу вақтдан ОИТС даври бошланган ҳисобланади. Бу давр учун хос бўлган аломатлар йўқ. Зероки, бу даврда организмда дуч келган микроб касаллик қўзғатиши мумкин. Шунинг учун бу давр тузалиши қийин бўлган турли-туман касаллик аломатлари билан намоён бўлади.

Инфекция юққан дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этиши мумкин. Бундай ҳолат ҳеч қандай аломатларсиз 8-10 йилгача чўзилиши мумкин. Бу даврда одам соғломдек кўринса ҳам, ўзи билмаган ҳолда, касаллик вирусини бошқаларга юқтириш хавфи юқори.

Касаллик қайси йўллар билан юқади?

Вирус инфекция юққан одамнинг қонида, эркакларнинг шаҳватида, аёлларнинг жинсий аъзолари ажратмаларида ва кўкрак сутида бўлади. Шунинг учун вирус асосан 3 хил йўл билан юқади:

1. Қон орқали (парентерал йўл)

2. Жинсий алоқа орқали

3. Касаллик юқтирган онадан ҳомилага вертикал йўл билан ҳомиладорлик даврида (жароҳатланган йўлдош орқали) ҳомилага, туғруқ  жараёнида (туғруқ йўлида она қони орқали) ва она сути орқали чақалоққа юқиши мумкин.

Қайси ҳолларда ОИВ юқмайди?

Қўл бериб кўришганда,қучоқлашганда;

Йўталганда, акса урганда;

Умумий телефондан фойдаланганда;

Ҳашоротлар чаққанда;

Бассейн, ҳаммом,  ҳожатхонадан умумий фойдаланилганда;

Умумий идиш-товоқдан;

Кийим кечак ва кўрпа - тўшак орқали.                                                     

Мавзуга оид