20:55 / 01.12.2017
23035

Қандай қилиб янги саноат зонаси илк босқичидаёқ барбод қилинмоқда?

Маълумки, Ўзбекистон саноати юқори суръатларда ривожланмоқда, айниқса, ихтисослаштирилган саноат зоналарида. Уларнинг орасидан Навоий, Ангрен ва Ургут тан олинган флагманлар ҳисобланади. 

Шу йилнинг баҳорида мамлакат Президенти қарори билан "Оникс" (собиқ "Миконд") биллур заводи ишлаб чиқарувчи кучларининг янги "Олмазор кичик саноат зонаси"га айлантирилиши йўлга қўйилди.

Шуниси эътиборга лойиқки, ҳатто оддий фуқаролар ҳам янги ислоҳотларни қизиқиш билан қабул қилишмоқда ва борган сари ўз фуқаролик позицияларини билдиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу давлат раҳбари томонидан яхши ниятда белгиланган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилувчи мансабдор шахсларнинг нопок хатти-ҳаракатлари билан курашга ҳам тааллуқли. 

Олмазор тумани ҳокимиятига қачонлардир Марказий Осиёнинг энг йирик ҳисобланган корхонасидан мол-мулк ташишга доир шикоятлар келиб тушмоқда. Куппа-кундуз куни КАМАЗлар бугунги ўлчамларга кўра қимматбаҳо ускуналар, станоклар, арматуралар ва бошқа жиҳозларни олиб чиқиб кетишмоқда. Яхши йўлга қўйилган коммуникация, газ ва сув қувурлари тизими ҳам бундан мустасно эмас. 

Ўғирланган материаллар суммаси миллиард сўмга етади. Кейин эса уларни қайта тиклаш учун яна бюджетдан пул олишга тўғри келади, ахир. 

Буларнинг барига ишонч ҳосил қилиш учун журналистлар вазиятга ойдинлик киритишга уриниб кўришди. Қайта ташкил қилинган "Олмазор кичик саноат зонаси" акциядорлик жамиятини пойтахтнинг Миробод тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Дилмурод Атаев бошқариб келаётганини аниқлашнинг уддасидан чиқилди. Таъкидлаш жоизки, у собиқ лавозимида ҳам ҳеч қандай ижобий натижаларга эришмаган. 

Мулоқотлар давомида ишчилар анонимликни сақлаб қолиш шарти билан, уларни турли техника ва металлоломларни катта машиналарга юклашга мажбур қилишаётганини тан олишди. Шуниси қизиқки, уларнинг аксарияти ўз хатти-ҳаракатларининг қонунийлигига шубҳа қилишмоқда ва охир-оқибат прокуратура уларни излаб келишидан хавфсирашмоқда. 

Атаев томонидан ишдан бўшатилган шахслардан маълумот тўпланиб, инвентаризация, тахмин қилинганидек, ўтказилмаганини билишга муваффақ бўлинди. Бу ахир давлат мулкини тўсиқларсиз ўғирлаш имконини беради-ку! Шундай бўлганини қандай исботлаш мумкин?

Ходимларнинг муайян қисми ўз номига доғ туширмаслик учун "Олмазор кичик саноат зонаси" АЖдан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган. 

Шу ўзбошимчаликлар негизида тартибсизликларга доир мурожаатларни рад этиб келаётган туман ҳокимиятининг бу ишларга бефарқлиги эса диққатни тортмай қолмайди. 

Шахбоз Жўраев

Top