Смартфонлардан боғлиқлик ўсмирлар миясининг кимёвий таркибини ўзгартириши аниқланди
Шимолий Америка радиологик жамияти мутахассислари интернет ва смартфондан боғлиқлик ўсмирлар мияси кимёвий таркибини ўзгартиришини ҳамда депрессия ва юқори хавотирликни чақириши мумкинлигини аниқлашди.
Pew Research марказининг яқинда ўтказган тадқиқоти маълумотларига кўра, 46 фоиз америкаликлар смартфонларсиз яшай олмасликларини тан олганлар. Бундай тасдиқ бироз муболағага ўхшайди, бироқ янги маълумот олиш, мулоқот ва кўнгил ёзишда борган сари кўпроқ одам ўз мобил телефонлари ва бошқа электроникага боғлиқ бўлмоқдалар. Энг катта хавотирни жуда кўп вақтини экранлардан бошини кўтармаганча ўтказадиган ёшлар уйғотади.
Ўсмирлар мияси мобил технологияларга муккасидан кетиш таъсирида ўзгаришларга учрашини аниқлаш мақсадида профессор Хён Сук Сео ва унинг ҳамкасблари “интернет ёки смартфондан боғлиқлик” ташхиси қўйилган 19 нафар ўсмир ва қизларда магнит-резонанс спектроскопия ўтказишган. Яна 19 ўсмир назорат гуруҳи сифатида хизмат қилган.
Олимлар мия сигналларини бостирувчи ёки секинлаштирувчи (шунингдек, кўриш ва ҳаракат функцияларига таъсир кўрсатувчи) нейромедиатор – гамма-аминомой кислота (GABA) ва нейронларни кўпроқ электр ғалаёнланган ҳолатга келтирувчи нейромедиатор – глутамат-глютамин (Glx) даражасини ўлчашди.
Натижалар соғлом ўсмирларга қараганда интернет ва смартфонга боғланиб қолган ўсмирларда миянинг олд қобиғида GABA’нинг Glx’га нисбати юқорироқ бўлганини кўрсатди. Бундай кўрсаткичлар депрессия ва хавотирланишдан азият чекувчи шахсларда пайдо бўлади.
Бунда яхши янгилик шундаки, когнитив терапиядан кейин GABA’нинг Glx’га нисбати меъёрга келиши мумкин.
Гаджетларга боғлиқлик нафақат ёшларнинг, балки катталарнинг ҳам муаммосидир. 11 ёшдан 18 ёшгача бўлган британиялик болалар ва ёшларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи ота-оналари уларга смартфонларига кетказадиган вақтдан кўпроқ вақт ажратишларини исташларини айтганлар. Бунда ота-оналарнинг ўзлари уларнинг гаджетларга катта эътибор қаратишлари фарзандларига қандайдир таъсир кўрсатишини сезмайдилар.
Мавзуга оид
12:58 / 13.11.2024
Мобил қурилмалар эраси: энг кўп сотилган телефонлар
15:42 / 25.10.2024
Олимлар миянинг 3D-атласини яратди – у нима учун керак?
23:10 / 19.10.2024
Инсон мияси ҳар хил турдаги қўрқувга қандай жавоб бериши ўрганилди
18:10 / 15.10.2024