21:35 / 06.12.2017
6709

Қозоғистонлик ногирон фаол кўплаб одамларга ўрнак кўрсатмоқда

Фото: aa.com.tr

Қозоғистонлик фаол, жамоат арбоби Олмос Ержан Қозоғистоннинг кўплаб фуқаролари учун ўрнак ҳисобланади.

Остоналик 37 ёшли Олмос Ижтимоий ва инновацион жамғармага асос солиб, у орқали ўзига ўхшаган – имконияти чекланган одамларга янги иш ўринлари очишда кўмак бермоқда.

Ержан Олмаотадаги тўқимачилик фабрикаларидан бирида ўнлаб ногиронларни иш билан таъминлади. У, шунингдек, ўз ишини бошламоқчи бўлган ногиронлар учун лойиҳалар ишлаб чиқади ва ҳомийлар топади.

aa.com.tr

Ержан Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги билан суҳбатда соғлом бола бўлиб туғилгани, оиладаги молиявий муаммолар сабабли 9-синфда ўқишни ташлаб, бозорда пул топа бошлашига тўғри келганини сўзлаб берди. “Кундузи бозорда ишлардим, кечаси дўстларим билан дискотекага борардик. Яъни ҳамма ўсмирлар каби яшардим”, деб эслаб ўтган Ержан.

Бироқ Ержаннинг 22 ёшида тишлари ўз-ўзидан туша бошлаган. Шифокорлар унга кальций етишмаслиги сабабли суяк касаллиги ташхисини қўйишгандан кейин дастлаб у тушкунликка тушган.

Касаллик зўрайиб, Ержаннинг умуртқаси қийшайиши ва бўғимлари деформациясига олиб келган. “Дастлаб қўлтиқтаёқ ёрдамида юрардим, бироқ бўғимлардаги оғриқлар зўрайиб борарди. Шундан кейин ногиронлар аравасига ўтиришимга тўғри келган”, деб сўзлаб берган Ержан.

Ержаннинг таъкидлашича, исталган давлатдаги каби ногиронлар ҳам Қозоғистонда иш топишда муаммоларга дуч келадилар, иш берувчилар эса жисмоний имкониятлари чекланган одамларни ишга ёллаш бўйича квоталарни инобатга олмайдилар.

“Қозоғистондаги минглаб одамлар манфаатларини уларнинг қизиқишлари, муаммоларини ҳисобга олган ҳолда илгари суришни истардим. Менинг ўзим аравачага михланиб қолганим сабаб бу муаммони яхши биламан”, деб айтган Ержан  ва давлат ижтимоий соҳага эътиборни кучайтириши керак, деб таъкидлаб ўтган.   

 

Top