Жаҳон | 17:30 / 07.12.2017
16125
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Қирғизистон билан Сирдарё бўйича ишчи гуруҳ тузишни режалаштирмоқда

Фото: ТАСС

Қозоғистон Қирғизистон билан Сирдарё бўйича ишчи гуруҳ тузишни режалаштирмоқда, бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг трансчегаравий дарёлар департаменти директори Игорь Коваль маълум қилди.

Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки катта трансчегаравий дарёлар бўйича, Чу ҳамда Талас борасида, ҳеч қандай муаммо йўқ. Қисқа вақт ичида, унинг сўзларига кўра, Талас дарёсидаги Киров сув омбори таъмирда эди. Лекин бу ишни тезда якунлашди, ва энди уни тўлдириш ишлари олиб борилмоқда.

«Бу сув Қозоғистонга 2018 йилнинг айнан вегетацион пайти учун керак. Умуман олганда, Чу дарёсида ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ. Умид қиламизки, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади», - дея айтиб ўтди Игорь Коваль Қозоғистонда сув сиёсати бўйича миллий мулоқот мажлиси доирасида.

Унинг қўшимча қилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сирдарё бўйича Қирғизистон билан ишчи гуруҳи тузишни режалаштирмоқда. Ҳозирда беш томонлама давлатлараро комиссия мавжуд, у, Игорь Ковалнинг сўзларига кўра, самарали ишламоқда. Бироқ, Қозоғистон сув омборининг иш режимига боғлиқ айрим масалаларни икки томонлама асосда муҳокама қилиши керак.

«Сирдарё Қирғизистон ҳудудида бошланади, у ерда кўп йиллик тартибга солиш бўйича энг йирик сув омбори – Тўқтоғул бор. Сув у ердан аввалига Ўзбекистон, Тожикистонга, сўнг яна Ўзбекистонга ва шундан кейингина Қозоғистонга келади. Ҳамда Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистонга суғориш учун келадиган сув Тўқтоғул сув омборига боғлиқ. Бу (икки томонлама ишчи гуруҳни ташкил этиш) шу билан боғлиқки, у (сув омбори – таҳ.) ҳозирда энергетик режимда ишламоқда, ҳамда Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида электр энергияси бўйича товар алмашиш имкониятини юзага келтиради», - дея таъкидлаб ўтди Игорь Коваль.

Унинг қўшимча қилишича, икки мамлакат ўртасидаги таранглик Қозоғистонга трансчегаравий дарёлардан сув етказиб беришга ҳеч қандай таъсир қилмаган, деб хабар бермоқда Informburo.kz.

«Қирғизистон Қозоғистонга нисбатан дарёнинг юқорисида жойлашган мамлакат, мен умид қиламанки, бу ерда ўзаро тушунишга эришилади. Одамлар сув учун уришиши керак эмас. У тинчлик билан боғлиқ бўлиши лозим. Инсонни сувдан маҳрум этиш – бу уни ҳаводан маҳрум қилиш билан баробар», - дея айтиб ўтди у.

Мамлакат аҳолисининг сони тобора ортиб бораётгани туфайли Қозоғистонни сув билан таъминлашнинг долзарблиги ҳам ошиб бормоқда. Игорь Ковалнинг сўзларига кўра, сув таъминотининг 50 фоизи мамлакатнинг географик жойлашуви туфайли айнан трансчегаравий дарёлар ҳиссасига тўғри келади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид