Жамият | 23:43 / 08.12.2017
14757
2 дақиқада ўқилади

Қишки мавсум: амалий ишлар натижаси Тошкент шаҳри мисолида

Тошкент шаҳрида халқ мурожаатлари билан ишлаш жадал суръатларда давом этмоқда. Халқ манфаатларидан келиб чиқиб, муаммолар ўз ўрнида, тезкорлик билан ҳал этилмоқда. Айниқса, куз-қиш мавсуми билан боғлиқ муаммолар одамларни қийнаб келади. Хўш, бу борада маҳаллий ҳокимият томонидан қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хизмат ходимлари, сектор раҳбарлари, туман Халқ қабулхоналари мудирлари ва тегишли соҳалар мутахассисларидан иборат 11 та ишчи гуруҳи тузилиб, Тошкент шаҳрининг энг чекка ҳудудлари, уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, бозорлар ва савдо нуқталаридаги аҳвол ўрганиб борилмоқда.

Ҳудудларда мавжуд муаммоларни тезкор равишда аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан зудлик билан зарур чоралар кўриш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти, Тошкент шаҳридаги барча Сектор раҳбарлари (44 та) ҳамда мониторинг гуруҳининг барча аъзолари ўртасида “Телеграм” мобил дастури орқали алоқа ўрнатилди.

KUN.UZ таҳририятига берилган маълумотларга кўра, 7 декабрь куни пойтахтдаги Марказ-14 мавзесида ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Бундан ташқари, Марказ-13 даги 19-умумий ўрта таълим мактабида ҳам худди шундай тадбирлар амалга оширилган.

Куз-қиш мавсумида мавжуд муаммоларни тезкор равишда ҳал этилиши юзасидан ҳам турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, Авиасозлар-4 мавзесининг 65-уйи капитал таъмирдан ўтган. Олмазор туманидаги Келис йўли, 2-уй, 39-хонадондаги иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммо ўз жойида ечимини топган. Қўйлиқ-4 мавзесидаги 42-уйнинг 1-хонадонидаги иссиқлик таъминотининг яхшилангани ҳам хонадон эгаларининг миннатдорчилигига сабаб бўлди.

Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Айтиш ўринлики, бу каби тезкор чора-тадбирлар ва амалий ҳаракатлар кўрсатишда пойтахтнинг Сергели, Олмазор, Миробод ва Шайхонтоҳур тумани ҳокимияти мутасаддилари жонбозлик кўрсатишмоқда. 

Шунга ўхшаш амалий ҳаракатлар Тошкент шаҳрининг бошқа чеккаларида ҳам давом этмоқда.

Мавзуга оид