Фан-техника | 16:10 / 08.12.2017
12440
2 дақиқада ўқилади

Таглиги емирилмайдиган кроссовка ишлаб чиқилди

Британиянинг inov-8 спорт бренди Манчестер университети билан ҳамкорликда таглиги графендан ясалган спорт пойабзали ишлаб чиқди. Тарихдаги илк бундай пойабзал таглиги графендан бўлгани учун одатдагиларга нисбатан анча пишиқ ва емирилишга чидамли бўлади, деб ёзмоқда Phys.org.

Графен илк маротаба 2004 йили Манчестер университетида олинган бўлиб, бир атом қалинлигидаги иккиҳадли материал бўлиб, кўплаб технологиялар ва ишлаб чиқариш соҳаларида инқилоб ўрнатиши мумкин. Графенни олишга муваффақ бўлган олимлар 2010 йили физика бўйича Нобел бўйича мукофотга сазовор бўлишганди. 

Кейинчалик, Манчестер университети графенни автомобиллар қопламалари, тиббиёт анжомлари ва самолётларда қўллашни жорий қилди. Эндиликда, бу рўйхатга спорт оёқ кийими ҳам кирди. 

«Графенни қўрқмасдан букиш, силкитиш ва йиғиш мумкин, у зарарланмайди, — дейди Манчестер университети доктори Аравинд Вижайарагхаван. — inov-8 компаниясининг G-Series пойабзалида таглиги ишлаб чиқариладиган каучукка графен қўшилса, у ўз хусусиятини тагликка беради. Шу билан 50 фоизга чидамлироқ, эластик ва емирилишга чидамли пойабзал ишлаб чиқиш имконини беради. Бу инқилобий маҳсулот истеъмол бозорига жиддий таъсир кўрсатади».

inov-8 кроссовкалари 2018 йили бозорга чиқиши режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид