10:20 / 27.10.2017
14384

Смартфонлар учун синмайдиган экран яратилди

Сассекс университетининг профессори Алан Далтон бошчилигидаги олимлар жамоаси смартфонлар экрани учун янги материал яратишди. Кумуш ва графеннинг бирлашмаси экологик тоза, синмайдиган экранларни яратишга имкон беради. Бу экранлар ҳозирда мавжуд экранлардан 10 баробар арзонроқ туради, деб ёзмоқда Science Daily.

Бу сенсор экранлар камроқ энергия истеъмол қилади, бармоқ билан тегишга аниқроқ жавоб беради, ҳаво таъсирида очармайди ва синмайди.

Фото: Dr Matthew Large

Далтоннинг айтишича, ҳозирда смартфонлар экранлари ишлаб чиқаришда қўлланувчи индий-қалай оксиди мўрт ва қиммат материал ҳисобланади. Уни олиш атроф-муҳитни жиддий ифлослантириш билан кечади. Бу материалга энг яхши муқобил материал кумуш ҳисобланади. У ҳам қиммат туради, бироқ янги технология эвазига жуда кам миқдорда қўлланади.

Олимлар кумуш наносимларни графен билан бирлаштиришди. Натижада мавжуд технологиялар берадиган самарадорликдан ортда қолмайдиган янги гибрид материал олинди. Бу материал ўнлаб марта арзон туради ва атроф-муҳитни ифлослантирмайди. Асосийси, асфальт, бетон ва тошга тушиш вақтида синмайди. 

"Кумуш наносимлар аввал ҳам сенсор экранларда қўлланган, бироқ ҳеч ким уларни графен билан бирлаштиришга уринмаган. Кумуш наносим тўрга графеннинг қўшилиши унинг электрни ўтказиш қобилиятини 10 марта оширади. Бу эса камроқ кумуш ишлатган ҳолда ўша ёки ундан яхшироқ самарадорликка эришиш мумкинлигини англатади. Натижада, экранлар бармоқ билан тегишга аниқроқ жавоб беради ва камроқ энергия истеъмол қилади", деб айтмоқда олим.  

"Кумушнинг муаммоси шундаки, у ҳавода очаради. Биз графен қатлами кумушни ҳимоялаб, унинг очариши олдини олишини аниқладик. Биз шунингдек янги материал бир неча марта букилишига қарамай, унинг электр хусусиятлари ўзгармаслигини пайқадик", деб айтди университетнинг яна бир олими Мэтью Ларж.

Олимлар кумуш наносим ва графен билан қопланган сенсор экраннинг акрил палстикдан ишланган синов моделини яратишди. Бу материалнинг фойдаланувчилар учун фойдали томони унинг арзонлигидан ташқари, электр энергияни тежайди ва жуда пишиқдир. 

Top