Ўзбекистон | 17:50 / 10.12.2017
55721
2 дақиқада ўқилади

Президент 11 йиллик мактаб ва сиртқи таълимга қайтишни изоҳлади

Тошкентда 7 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида давлат мукофотларини тантанали топширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда президент Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт, санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтган.

Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга зарур маблағ ва ресурслар ажратилгани, янги илмий марказлар, технопарклар ташкил этилгани қайд этиб ўтилган.

«Илм-фан – тараққиёт асоси. Замонавий илм-фан ютуқларига, инновацион ғояларга таянмаган давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам келажаги йўқ.

Фақат илм ва маърифат, интеллектуал салоҳият, ҳар томонлама билимли кадрлар ҳисобидан биз Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқа оламиз», деган президент.

Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирган.

«Ўзларинг билан маслаҳатлашиб 11 йиллик таълимга қайтдик. Бу менинг фикрим эмас, халқимизнинг талаби.

Одамлар аввалги мактабларни, ўқитувчиларни қайтаришни сўради. 

Мен аввалгидек мактабларни ташкил қилиб беришим мумкин. Лекин мен аввалги ўқитувчиларни қайтара олмайман. Чунки, биз ўзимиз эътиборсизлик қилдик. Ахир ўқитувчиларни сизлашимиз керак, жамият ундай кишиларни сиз дейиши керак», деган президент.

«11 синф, сиртқи таълим учун баъзилар эскига қайтаяпсиз, деб мени танқид қилди. Лекин одамларнинг фикри бошқача. Заводларда билим олишни истайдиганлар, муҳандис бўлишни истайдиганлар бор. Одамларни ўқитиш керак», деган президент.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид