Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«ПСЖ» «Реал»дан ўта оладими? ЕЧЛ қуръаси натижалари таҳлили
Кеча — 11 декабрь куни Европа Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтганди. Унга кўра, чорак финали йўлида тўқнашадиган 8та жуфтлик номи аниқ бўлди.
8та беллашув икки ҳафта давомида ўтказилади. Дастлабки учрашувлар 13-14 февраль ва 20-21 февраль кунларига, жавоб учрашувлари 6-7 март ва 13-14 март кунларига белгиланган.
ШАХТЁР - РОМА

Ҳар икки жамоа ҳам қуръа натижасидан рози бўлишлари табиий, сабаби, бундан кучлироқ рақиблар рўбару келиши ҳам мумкин эди. Ушбу жуфтлик ғолиби гўёки чорак финалда энг кучсиз рақиб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётган бўлса-да, бу жамоаларни мағлуб этиш ҳар қандай клубга осон бўлмайди.
«Шахтёр» гуруҳда А Серия пешқадамларидан бири «Наполи»ни ортда қолдирганини ҳисобга олсак, «Рома» бу жиҳатга жиддий эътибор қаратиши лозим. Ўз навбатида, римликлар «Атлетико» ва «Челси» каби кучли жамоалар қатнашган гуруҳда пешқадам бўлган.
Хуллас, бу жуфтлик ЕЧЛ дурдонаси эмас, аммо тенг ва кескин кураш керак бўлса, бу ўйинлардан топишингизга кафолат бор.
Факт: Жамоалар 2010/11 мавсумидаги 1/8 финалда ҳам рақиб бўлишган. «Шахтёр»нинг Римдаги (3:2) ғалабасидан сўнг, «Рома» бош мураббийи Клаудио Раньери истеъфога чиққан.
БЕШИКТОШ - БАВАРИЯ

Немислар гуруҳда иккинчи ўринни олиб, плей-офф олдидан ўзларини хавфга қўйган бўлишса-да, омад келганини айтиш мумкин. Айтиш мумкинки, гуруҳ ғолиблари ичида энг осон жамоа сифатида айнан турклар кўрсатилаётганди.
Аммо бу фақат дастлабки хулоса. Биринчидан, «Бешиктош» гуруҳ босқичини бир маромда ўтказди ва очко тўплаш бўйича турк жамоалари учун рекорд кўрсаткич қайд этди. Иккинчидан, сўнгги икки мавсумда миллий чемпионатда ғолиб чиққан истанбулликлар ушбу мавсумда Туркияда бироз беқарор, бу эса, уларга бутун эътиборни айнан ЕЧЛ ўйинларига қаратиш имконини беради. Учинчидан эса, туркларнинг Германияда деярли мезбонлар каби мухлисларнинг қувватлашларига эга бўлишлари сир эмас.
Шунингдек, «Бешиктош» гуруҳ босқичида айнан немис жамоасини ҳар икки ўйинда мағлубиятга учратганини ҳам эътироф этиш керак.
Нима бўлгандаям, бу «Бешиктош»га ёрдам бериши мумкин бўлган жиҳатлар холос, аслида, албатта, ўйиннинг яққол фаворити Ҳайнкесс шогирдлари ҳисобланади.
Факт: Икки жамоа 1997 йил Чемпионлар Лигасида бир гуруҳда тўп сурган. Ҳар икки ўйинда немислар 2:0 ҳисобида ғолиб чиқишган.
ЧЕЛСИ - БАРСЕЛОНА

Бу жамоалар ЕЧЛ плей-оффларида олти марта рўбару келишган, мусобақада фақат «Реал» ва «Бавария» бундан кўпроқ тўқнашган холос. Роналдиньонинг суперзарбасидан кейин, Террининг ҳал қилувчи голи, Дель Орнонинг қизил карточкаси, Эвребенинг қилиқлари, Торреснинг сўнгги дақиқадаги қочиб кетиши - хуллас футболда қандай драматизм белгилари бўлса, бу тўқнашувдан топиш мумкин.
Айнан бугунги жамоаларга қарасак, уларнинг қайси бири испанроқ эканини ҳам айтиш мушкул - «Челси» таркибида беш нафар испаниялик футболчи тўп суради. Жумладан, уларнинг икки нафари «Барселона» футбол мактаби тарбияланувчиларидир.
Тактик жиҳатдан «Челси»нинг Валверде жамоасига энг ноқулай рақиблардан бири дейиш мумкин. «Челси»ни инглиз жамоалари ичида чизиқлар бўйича энг мувозанатли жамоа, деб айтсак бўлади. Агар Контенинг режалари иш берса, лондонликлар тўсиғини ёриб ўтиш бугунги «Барселона»га осон бўлмайди. Бунинг учун, масалан, Лео Мессининг вазиятни ўз қўлига олиши ва индивидуал ҳаракатлари керак бўлади. Шунчаки, кучли жамоавий ўйин ёрдамида бугунги «Челси»ни таслим этиш у қадар осон эмас.
Факт: Лео Месси «Челси»га қарши 8 ўйинда майдонга тушган ва бирор марта ҳам гол ура олмаган. Унинг лондонликлар дарвозасига берган 29 зарбаси бесамар кетган. Жумладан, 2012 йил ярим финалидаги пенальти ҳам.
ПОРТУ - ЛИВЕРПУЛЬ

Бу жамоалар 10 йил олдин Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида тўқнаш келганди. Португалияда дуранг натижа қайд этилган бўлса, Ливерпулда мезбонлар йирик 4:1 ҳисобида устун келган. Ўша мавсумда «Ливерпуль» финалгача етиб борганди.
Ўз гуруҳларида пешқадамликни қўлга киритган инглиз жамоаларига омад кулиб боққанини айтиш мумкин. «Порту» доимий равишда инглиз жамоаларига қийинчилик туғдириб келган, аммо агар «Ливерпуль» ўзининг энг яхши спорт формасини сақлаб қолса, бу жуфтликда яққол фаворит эканини айтиш керак. Албатта, бунинг учун Юрген Клопп январда жамоа ҳимоя чизиғини кучайтириши керак бўлади.
Факт: «Порту» ва «Ливерпуль» 2004 ва 2005 йилларда Европа Чемпионлар Лигаси ғолиблари.
СЕВИЛЬЯ - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўтган мавсумда Моуриньо шогирдлари «Севилья»нинг қадрдон турнири бўлган Европа Лигасини ютиб олди. Бу сафар эса, улардан «Севилья»ни ЕЧЛдан чиқариб юбориш талаб этилади.
Бир қараганда, манчестерликларга омад кулиб боққандек кўринса-да, аслини олганда, испан жамоалари «Манчестер Юнайтед» учун у қадар қулай рақиб эмас. «МЮ» испан жамоаларига қарши кечган сўнгги 10 ўйиндан атиги иккитасини ғалаба билан якунлаган холос. Тўпни яхши назорат қила оладиган ва курашувчан «Севилья» Моуриньони ҳимояланишга мажбур қилиши мумкин. Европа Лигаси ярим финалида «Сельта»нинг «Олд Траффорд»да ғалаба қозониб кетишига жуда оз қолганини ҳам ҳали ҳеч ким эсдан чиқармаган бўлса керак.
Энг асосийси «Севилья» бу ўйинларда катта босимсиз ҳаракат қилади, аксинча, ички чемпионатда «қўшнилари»ни анча олдинга ўтказиб юборган «Юнайтед»нинг ютқазишга ҳақи йўқ. Шу томондан «МЮ»га бемалол ҳимояланиш ва балки, ютқазиш ҳам у қадар оғриқли қабул қилинмайдиган бирор топ-жамоанинг тушиши яхшироқмиди, балким...
Факт: Ўтган ЕЧЛ плей-оффида ҳам «Севилья»га инглиз жамоаси рақиб бўлганди. Икки ўйин натижасига кўра, «Лестер»нинг қўли баланд келган.
ЮВЕНТУС - ТОТТЕНҲЭМ

Нимчоракнинг яна бир қизиқарли жуфтликларидан бири. Турин жамоаси айнан ушбу мусобақа учун тажрибалироқ кўринса-да, «Тоттенҳэм»нинг айниқса, «Реал»га қарши ўйинлари ўзларига нисбатан фикрларни ўзгартира олди. Инглизлар ҳар қандай рақибга қарши ҳужумкор ва позицион ўйнай олишларини исботлашди.
Фақат бир жиҳат инглизларга халақит бериши мумкинки, бу ҳақида анчадан бери, мураббийлар, мутахассислар гапириб келмоқдалар. Февраль ойи Англия Премьер Лигаси жамоалари учун жуда ноқулай даврдир. Сабаби, улар декабрь-январь ойларида дам олишмайди ва ҳатто ҳафтасига икки ўйинли режимда чемпионат ва кубок ўйинларида майдонга тушишади. Бу эса, «Тоттенҳэм»нинг жисмоний жиҳатдан рақибига имкониятни бой беришига олиб келиши мумкин.
Бунинг устига, лондонликлар ҳозирда АПЛда олтинчи ўринда бормоқда ва у ерда ҳам ўзларини бемалол ҳис қила олмайди. Яъни, баъзи чемпионат ўйинларидаги ротациялар ёрдамида «Ювентус»га қарши ўйинларга яхшироқ тайёргарлик имконияти деярли йўқ.
Факт: «Ювентус» инглиз жамоасига қарши ўтказган сўнгги 5 плей офф тўқнашувида имкониятни бой берган.
БАЗЕЛЬ - МАНЧЕСТЕР СИТИ

1/8 финалдаги жуфтликлар ичида энг катта фарққа эга бўлган жамоалар. «Базель»нинг инглиз жамоаларига қарши ўйинларини ҳар қанча мақтамайлик, бу ўйинлар асосан гуруҳ босқичида ёки Европа Лигасида бўлганини ҳам унутмаслик керак. «Манчестер Сити» ўтган мавсумдаги «Монако»ни жуда яхши эслайди ва бу сафар рақиб ким бўлишидан қатъи назар бу ўйинларга жуда жиддий ёндашишини тахмин қилиш мумкин.
Факт: «Базель» еврокубокларда инглиз жамоаларига қарши кечган 14 учрашувнинг фақат 4тасида мағлубиятга учраган холос. 5 маротаба ғалаба қозонган.
РЕАЛ - ПСЖ

«Барселона» ва «Челси» мухлислари хафа бўлмасин-у, ўйин афишаси, майдонга тушадиган қарама-қаршиликлар, сўнгги йиллардаги амбициялар нуқтаи назаридан нимчорак финалнинг энг жарангдор қарама-қаршилиги айнан мана шу ўйин бўлса керак.
«ПСЖ» худди аср бошидаги «Реал» каби, Европа трансфер бозорида жуда агрессив ҳаракат қилмоқда ва йилдан йилга энг яхши футболчиларни йиғиб олишга уринмоқда. Аммо тан олиш керак, уларга қуръа омадли келмади. Испания чемпионатида «Барселона»ни анча олдинга ўтказиб юборган «Реал» барибир алоҳида ўйинларда жуда кучли жамоа сифатида қолаверади. Парижликлар ҳужумдаги юлдузлар билан мақтанишлари мумкин, аммо Чемпионлар Лигасидаги тажриба, юлдузли ярим ҳимоя ва ишончли ҳимоя ёрдамида «Реал» бу ўйинларга фаворит сифатида майдонга тушади.
«Реал» икки марта қаторасига ЕЧЛ ғолиби бўлди. Кучли рақибларга қарши ўйинларда бу факт мадридликларнинг зарарига ишлаши, футболчиларнинг учинчи уриниш учун жипслашишларига халақит бериши мумкиндек. Аммо уларни мағлуб этиш учун айнан мана шу жиҳат - жипслашиш жуда зарур. «Реал»ни фақат ўша «Реал»да топилмай қолиши мумкин бўлган сифат билан енгиш мумкин холос. Хўш, Париж жамоаси айнан ўша босқичга етиб келдими?
Жамоа таркибидаги ўзгаришлар, Неймар-Кавани муаммолари бироз унутилган бўлса-да, бутунлай ҳал этилмади. Бугунги «ПСЖ» «Реал» учун тайёр эмасдек кўринмоқда, Унаи Эмери кейинги икки ойда фақат шу жиҳат ҳақида бош қотириши ва энг аввало, ички муҳитни юқори даражага кўтариши керак бўлади. Ана шундагина, футбол юлдузлари майдонда фақат шоу эмас, аниқ натижа кўрсата оладилар.
Факт: «ПСЖ» ярим ҳимоячиси Анхел Ди Мария «Реал» таркибида 2014 йилги ЕЧЛ финалининг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган.
Қ.Асланов тайёрлади
Мавзуга оид
21:26 / 02.10.2025
Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё Кубогидаги рақибларини билиб олди
23:54 / 30.09.2025
Олмаотадаги «Қайрат» ва «Реал» тарихий ўйинида бешта гол урилди
13:23 / 27.09.2025
Мадридда дерби, «Арсенал» ва «Ливерпул»да қийин сафар. Ҳафта ўйинлари анонси
22:12 / 28.08.2025