Келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси учрашувлари бўлиши муносабати билан бу ҳафта кучли бешликнинг аксарият топ-клублари ўз ўйинларини бугун, шанба оқшомида ўтказишади. Эртага ҳам зерикмаймиз албатта. Бу ҳафта дам олиш кунларимизда Испанияда узоқ кутилган топ учрашув, Италияда пешқадамлар ва даъвогарлар ўртасидаги тўқнашувлар, Англияда эса “Арсенал” ва “Ливерпул”ни қийин сафар кутиб турибди.

АТЛЕТИКО – РЕАЛ (27 сентябр, 19:15)

“Реал” бу йил ростанам шунақа зўрми? “Атлетико” бу йил ростанам шунақа ёмонми? Бу учрашув ҳар икки саволга ҳам жавоб бериши мумкин.

Хаби Алонсо бошчилигида “Реал” бу мавсум юз фоизлик натижа кўрсатиб келмоқда. Жамоанинг услубан энди ўзгаргани, прессинг яхши йўлга қўйилгани ва яна бир қатор ижобий жиҳатлар кўп айтилаётган бўлса-да, жамоанинг кучайгани ҳақидаги савол очиқ қолмоқда, зеро мадридликлар ҳали жиддий синовга дуч келишмади. Нисбатан кучлироқ бўлган “Марсел”га қарши ўйинда эса ҳатто мағлубиятга учраши ҳам мумкин эди. Шу жиҳатдан қарасак, Симеоненинг “Атлетико”си рақиб сифатида жуда мос.

Агар “Атлетико”нинг ўзи мавсумни яхши бошламаганини ҳам эътиборга олсак, Симеоне шогирдлари фақат дербига тушгандек эмас, барча муваффақиятсизликларни ортда қолдириш учун бор имкониятини ишга солишга бел боғлайди деб бемалол тахмин қилиш мумкин. Жамоа шундоқ ҳам кутилмаган, йўқотмаслик керак бўлган кўп ўйинларни бой берди, деярли барча ўйинларда ҳисобни очган бўлса-да, натижани сақлаб қолишни уддасидан чиқа олмади. “Реал” ва “Барселона” фонида ёзги трансферлар ойнасини анча актив ўтказган, ўз сафина Распадори, Ханко, Алмада, Кардосо, Баена, Руджери каби жуда кўп футболчиларни қўшиб олган жамоадан ҳар холда мавсум бошида чемпионлик пойгасини кутишганди.

Мадрид дербиси, айниқса Метрополитанода ўтганида, ўта муросасиз кечади. Ушбу стадионда ўтган охирги 20 дербида ҳар икки томон тенг - 7 мартадан ғалаба қозонгани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Ўтган мавсумда мезбонларнинг сўнгги дақиқада ҳисобни тенглаштирган дерби, айниқса, Чемпионлар Лигасидаги жавоб ўйини ҳамманинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Пеналтилар серияси, Алвареснинг хатоси, қизиғи, айнан шу воқеадан сўнг пеналти тепишдаги қоидалар ўзгарди, футболчининг беҳосдан икки марта текканда голни бекор қилиш ўрнига қайтадан тепиладиган бўлди.

Жамоалар таркибига қаралса, мезбонлар сафида фақат янги харидлар бўлмиш Кардосо ва Алмада майдонга туша олишмайди. Хосе Хименес ҳали ҳали янги мавсумда сафга қайтгани йўқ. Алонсо матбуот анжуманида Беллинҳэм ва Камавинга асосий таркибга қайтиши мумкинлигига ишора қилди. Ҳимоя чизиғида Рюдигер, Александр-Арнолд ва Менди ўйнай олмайди холос. Алонсо “Реал” учун одатий бўлиб қолган ҳимоядаги жароҳатларга ечим қидираётгани маълум. Мисол учун, сўнгги ўйинда Каррерасни марказда, Асенсиони ўнг қанотда синаб кўрган ҳолда экспериментлар ўтказди.