Ўзбекистон | 18:30 / 13.12.2017
176695
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар янги йилда қаторасига 5 кун дам олиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилда дам олиш кунларини тартибга солишга оид фармон имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев фейсбукдаги саҳифасида ёзган.

Фармонда Янги йил байрами арафасида 5 кун кетма-кет дам олиш куни белгиланиши мумкин.

Яъни, 2 январь куни дам олиш куни деб эълон қилинади, 6 январдаги дам олиш куни эса 3 январга кўчирилади. 

Шунда қуйидагича кетма-кет 5 дам олиш куни пайдо бўлади:
30-31 декабрь - шанба-якшанба;
1 январь - Янги йил байрами;
2 январь - қўшимча дам олиш куни;
3 январь - шанбадан кўчирилган дам олиш куни.
Ўз навбатида, 6 январь, шанба куни иш куни деб, эълон қилинади.

Бу Фармон ҳафтасига расман 5 кун ишлайдиган ходимлар учун тааллуқли бўлади. Шанба куни расман ишлайдиган ходимлар учун эса 3 кун кетма-кет, яъни 31 декабрь ва 1-2 январь кунлари дам олиш бўлади.

Шунингдек, мазкур фармон билан қолган байрамлар арафасида ҳам қўшимча дам олиш куни эълон қилиш ёки иш кунини кўчириш эвазига ана шундай кетма-кет дам олиш кунлари ташкил қилиш назарда тутилмоқда. Хусусан:
8 март арафасида 4 кун;
9 май арафасида 5 кун;
1 сентябрь арафасида 4 кун дам олиш куни бўлиши мумкин.

Қурбон ва Рамазон Ҳайити байрамларининг куни белгиланишига қараб худди шу каби кетма-кет дам олиш кунлари эълон қилиниши ҳам мумкин.

Мавзуга оид