Жаҳон | 19:57 / 14.12.2017
3092
2 дақиқада ўқилади

Ливиядаги 15 минг муҳожирни ватанларига қайтариш режалаштирилмоқда

Фото: News Front

Европа Иттифоқи, Африка иттифоқи ва БМТнинг қўшма ишчи гуруҳи Ливиядан Европага  муҳожирлар оқимини камайтириш учун 2018 йил февралигача бу давлатдан 15 минг муҳожирни ватанларига қайтармоқчи. Бу ҳақда 14 декабрда Брюсселда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини гуруҳнинг биринчи йиғилишига бағишланган матбуот анжуманда маълум қилди. 

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир Ливияда Европага етиб олиш имконини излаётган, Африкадан 350 мингдан 450 минггача муҳожир бор.      

“Биз 2018 йил февралигача 15 минг муҳожирга уйларига қайтишга ёрдам бериш мажбуриятини ўз зиммамизга олдик. Жорий йилда биз 16 минг муҳожирга уйларига қайтишга ёрдам бердик”, деб айтган Могерини. Унинг айтишича, Европа Иттифоқи бу мақсадда 100 млн еврога яқин маблағ ажратади.

“Биз одам ташувчилар билан жадал курашни давом эттиришимиз керак. Улардан юзлаблари судловга топширилган. Биз шунингдек ЕИ давлатларида халқаро ҳимояга муҳтожларни қабул қилиш учун ҳалол ва очиқ қайд қилиш тизимини яратишимиз керак”, деб қўшича қилган Могерини. 

Еврокомиссиянинг расмий вакили Маргаритис Схинаснинг маълум қилишича, Европа Иттифоқи давлатлари икки йил ичида квота бўйича белгиланган 160 минг киши ўрнига бор-йўғи 32 минг кишини қабул қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид