Ўзбекистон | 12:30 / 16.12.2017
12287
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда қарийб 10 минг иш ўрни яратилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Қорақалпоғистонда президентнинг аввалги ташрифидан сўнг 2 минг 112 лойиҳа амалга оширилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ушбу лойиҳалар натижасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 11 мингга яқин иш ўрни яратилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Қорақалпоғистон Республикасини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида яна 1 минг 309 лойиҳа режалаштирилган. Уларни амалга оширишга ташаббускор корхоналар ва тижорат банклари маблағлари, хорижий инвестициялар йўналтирилади. Бунинг натижасида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади, маҳаллийлаштириш ва қайта ишлаш даражаси ошади, 10 мингга яқин иш ўрни ташкил этилади. 

Ҳудуд саноатини янги босқичга кўтариш мақсадида мамлакатдаги йирик корхоналар ҳам жалб этилган. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати Тахиатош туманида металл конструкциялар ва ностандарт жиҳозлар, Олмалиқ кон-металлургия комбинати Қораўзак туманида темир-бетон маҳсулотлар ва қум-шағал ишлаб чиқариши режалаштирилган. 

Давлат раҳбари Тахиатош туманига ташрифи давомида Қорақалпоғистон иқтисодиётини диверсификация қилиш, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Тебинбулоқ конини ўзлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Кон темир рудасининг улкан захирасига эга. Ушбу конни ўзлаштириш икки босқичда амалга оширилади. Натижада 2021 йилдан бошлаб йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Бу борадаги ишларни ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида дирекция ташкил этилди.

UzA Matnazarov Otabek
Тайёрлаган UzA Matnazarov Otabek
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид