Жаҳон | 13:00 / 18.12.2017
13438
2 дақиқада ўқилади

Бошланди. Россияда президентлик кампаниясига старт берилди

Фото: РИА "Новости"

Россияда президентлик кампанияси расман бошланди. "Российская газета"да бугун Федерация кенгашининг сайловларни белгилаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди, деб хабар бермоқда РИА Новости. 

Партиялардан номзодлар ва мустақил даъвогарлар қурултойлар ёки ташаббус гуруҳлари йиғилишларида илгари суриш жараёнини бошлашлари ҳамда МСКга керакли ҳужжатларни топширишлари мумкин.

Президентлик лавозимига ўз номзодини қўйиш режасига эга экани ҳақида 23 киши, жумладан, амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам маълум қилди. У сайловларда мустақил номзод сифатида иштирок этади. Бундан ташқари, телебошловчи Ксения Собчак, журналист Екатерина Гордон, “Яблоко” ва РЛДП етакчиси Григорий Явлинский ҳамда Владимир Жириновский ўз номзодини қўйишни мўлжаллаган.
 
Марказий сайлов комиссияси 18 март кунига белгиланган овоз бериш жараёнини ташкил этиш учун бюджетдан пул олишни бошлади. Бу мақсадларга 14,807 миллиард рубль сарфлаш режалаштирилмоқда.

Памфилованинг айтишича, мамлакат сайлов тизими сайловларга тайёр. Унинг таъкидлашича, кампанияни шундай ўтказиш мўлжалланмоқдаки, “ҳеч ким бундан кейин уялиб қолиши керак эмас”.

МСК раҳбарининг қўшимча қилишича, аввалги президентлик сайловларидан сўнг ўтган вақт давомида қонунчилик максимал даражада эркинлаштирилди, хусусан, кузатувчилар учун имкониятлар кенгайтирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид