Жаҳон | 10:54 / 18.12.2017
16579
2 дақиқада ўқилади

Россияда янги армия ташкил этилади – ОАВ

Фото: ТАСС

Россия Мудофаа вазирлиги денгиз авиацияси ҳамда Тинч океани флотининг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини янги армия таркибида бирлаштиради, унинг штаби Камчаткада жойлашади. Бу ҳақда «Известия» газетаси ҳарбий маҳкамага таянган ҳолда хабар бермоқда.

Вазирликдан хабар беришларича, ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа армиясини шакллантириш 2018 йилда бошланади. Унинг таркибига авиация қисмлари, зенит-ракета ва радиотехника қўшинлари киради. Бўлинма жавобгар бўладиган зонага эса Шимолий Курилдан Врангель оролига қадар бўлган ҳудуд киради.

Бундан ташқари, шу билан бирга авиация кучлари тузилмаси ҳам ўзгаради.

«2008 йилдаги унчалик ҳам муваффақиятли чиқмаган ислоҳотлардан сўнг ташкил этилган аморфли ва ёмон бошқарилувчи авиабазалар ўрнига полклар ҳамда дивизиялар қайта ташкил қилинмоқда. Аралаш авиаполклар таркибига қайиқларга қарши эскадрильялар ва транспорт самолётлари, қирувчилар, жосуслик самолётлари ва ракета-ташувчилар билан бирга, учувчисиз учар қурилмалар бўлинмалари ҳам киритилади», - дея ёзади газета.

Нашрнинг таъкидлашича, янги армия ўз жавобгарлиги ҳудудида таҳдидларни аниқлаш ҳамда кутилмаган ҳаво ҳужуми эҳтимолини йўққа чиқариш мақсадида ташкил этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид