Технология | 09:33 / 19.12.2017
7283
3 дақиқада ўқилади

Океанда қуёш энергияси ҳисобига водород олинади

Қуёш энергияси ва водород экологик соф энергия манбалари бўлиб, назарий жиҳатдан инсониятнинг барча энергетик эҳтиёжларини қондириши мумкин. Бироқ бу манбаларнинг ўз муаммолари ва чекловлари мавжуд. АҚШнинг муҳандислик ва амалий фанлар Колумбия мактаби олимлари қуёш энергияси ва водороднинг устун жиҳатларини бирлаштиришга имкон берувчи усулни таклиф қилишди. Бу ҳақда Science Daily нашрида маълум қилинди.

Айни вақтда водород ёнилғисининг ишлаб чиқарилишини экологик соф деб бўлмайди, чунки уни олишда метан буғлари конверсияси асосий усул ҳисобланади. Бу усулда атмосферага карбонат ангидрид гази чиқарилади. Бу орада сувнинг электролизи, яъни электр таъсирида кислород ва водородга парчаланиши безарар ҳисобланади. Олимлар электролиз учун қуёш энергиясидан фойдаланишга қарор қилишди. 

Профессор Даниэль Эспозито бошчилигидаги олимлар жамоаси фотогальваник таъминотли электролитик қурилмани яратишди. Бу қурилма очиқ денгизда сузган ҳолда автоном платформа сифатида ишлаши мумкин. Ушбу қурилма денгиздаги нефть платформаларига ўхшайди, бироқ нефть ўрнига денгиз сувини тортиб олади. Айнан шу сувдан қуёш энергияси ҳисобига водород олинади.

Сувнинг электролизи учун замонавий қурилмаларда қиммат турувчи мембраналар қўлланади. Олимлар ўзгача усул таклиф қилишмоқда. Бу усул водород пуфакчаларининг сувда сузувчанлигига асосланган. Фақат бир томонидан катализатор билан қопланган махсус электрод электролитларни фаол кўчирмаган ҳолда водород ва кислородни парчалаб, уларни тўплайди. Водород пуфакчалари сиртда етарлича катталикка келганда, ажралиб чиқиб, водородни тўплашга мўлжалланган юқори камераларга сузиб чиқади. Бунда олинган водород софлиги 99 фоизни ташкил қилади.

Мембраналардан воз кечиш нафақат қурилмани арзонлаштиради, балки унинг хизмат муддатини оширади, чунки қурилманинг бу қисми ифлосланишларга таъсирчан ва осонгина емирилади. Турли қоришмалар ва микроорганизмларга эга бўлган денгиз сувлари шароитида мембранали қурилмаларни қўллаш мақсадга мувофиқ келмайди. 

Олимлар яратган тизимнинг арзонлиги ва узоқ муддат ишлаши уни саноатга татбиқ қилиш истиқболига эга. Кейинчалик қуёш энергияси ва денгиз суви ёрдамида водород олишга мўлжалланган бутун бир океан заводларини қуриш мумкин. Бундай заводлар қуруқликдаги майдонларни эгалламай, ичимлик суви танқислигини келтириб чиқармаган бўларди. Олинган водородни станцияларда сақлаш ёки соҳилга қувурлар орқали етказиш мумкин бўларди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид