Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёлик ёш ихтирочи электр таъминотисиз қувват берувчи қурилма ишлаб чиқди
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида илк бор “Касб маҳорати” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Фанлар академияси физика-қуёш илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Халқаро қуёш энергияси институти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловда бир қанча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Улар орасида Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида истиқомат қилувчи Элдор Ражабов ҳам бор.
Элдор Миришкор маиший хизмат касб-ҳунар коллежи радио-телеаппаратураларни таъмирловчи уста йўналишида таҳсил олади. У таклиф этган ишланма ҳам бир қатор афзалликларга эга. Элдор ясаган ихчам қурилма қуёш энергияси асосида ишлайди.

– Мақсадим – узоқ чўл ҳудудларида яшовчи аҳолининг оғирини енгил қилиш, – дейди Элдор. – Бу жойларда электр энергияси истеъмолига талаб юқори. Аммо тақчиллик сабаб мавжуд жиҳозлардан тўла фойдалана олишмайди. Биргина мобиль телефонларни қувватлантириш ҳам жиддий муаммо. Менинг самарали қурилмам ана шу имкониятни беради. Уни ясашда иккиламчи материалларни ишлатдим. Қурилма корпуси сифатида колонкадан фойдаландим. Унинг тепа қисмига қуёш нурини ютиб энергия ишлаб чиқарувчи панеллар ўрнатдим. Эндиликда ушбу қурилма ёрдамида кам қувватли жиҳозлар, жумладан, мобиль телефон, фонарни қувватлантириш мумкин. Бу, айниқса, чўпонларга асқотади, деб ўйлайман. Мазкур ишланмам кўрик-танлов ҳакамлари томонидан юқори баҳоланиб, “Самарали қурилма” номинациясида биринчи ўринни олдим.
Элдорнинг сўзларига кўра, қурилмани такомиллаштиришда унинг устози, коллежнинг ишлаб чиқариш таълими устаси Ҳасан Шавқиевнинг маслаҳатлари ҳам қўл келди. Улар келгусида мазкур ишланмага яна бир қанча қўшимчалар киритиш, уни янада мақбуллаштиришни мўлжаллашмоқда. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга қўшаётган ҳиссаси эътиборга олиниб, ўқитувчи ҳам махсус сертификат билан тақдирланди.