Спорт | 12:50 / 20.12.2017
48053
16 дақиқада ўқилади

Месси ва Роналдуни ортда қолдирган охирги қаҳрамон. Бир афсона тарихи

Фото: Reuters

17 декабрь куни Кака футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида расман эълон қилди. 

Кейинги 10 йил мобайнида Криштиану Роналду ва Лионель Мессидан бошқа футболчи «Олтин тўп» олишини тасаввурига келтира олмайдиган мухлислар авлоди етишиб чиқди. Бу икки футболчи 2008 йилдан буён 5 мартадан дунёнинг энг яхши футболчиси унвонини қўлга киритган. Уларнинг бирини ўзга сайёралик дейишади, иккинчиси замонавий футболдаги атлетизм намунаси. Шу омиллар уларнинг гегемониясини яққол ифодалайди.

Лекин бу икки футболчини ўз вақтида Кака ортда қолдирганди. У «Олтин тўп»ни қўлга киритган охирги «ерлик» бўлиб қолмоқда. Бразилиялик бу футбол афсонаси 2007 йили Карло Анчелотти «Милан»ининг етакчиси сифатида тақдирланганди. У Чемпионлар Лигасининг 2006-07 йилги мавсумида энг яхши тўпурар бўлган, якунда жамоа билан чемпионликка эришганди. 2007 йили Месси ва Роналду ҳам «Олтин тўп» учун даъвогарлик қилган, аммо улар Какадан ортда қолишганди.

Ногиронлик ёқасидан катта футболга

Фото: Twitter

2000 йилда Каканинг нафақат футболчи сифатидаги келажаги, балки ҳаёти ҳам хавф остида қолганди. У ҳали 18 ёшда эди, «Сан-Паулу»нинг истиқболли футболчиси эди. Кунлардан бирида у бассейнда дўстлари билан гаров боғлайди - улар трамплиндан ким яхшироқ сакраши бўйича мусобақалашишади. Аммо бассейн кичик эди, бўйи 186 см бўлган Рикарду (унинг тўлиқ исми Рикарду Изексон дус Сантус Лейти - танишлари уни осонгина қилиб Кака деб чақиришган) эса буни ҳисобга олмайди ва боши билан бассен тубига бориб урилади. Унинг бўйни қайрилади ва қонга беланади.

Шифохонада рентген қилинади, шифокор хурсанд қилувчи гап айтмайди: унинг бўйин умуртқаси синганди. Кака жилмайиб сўрайди: «Эртага машғулотим бор. Мен қачон футбол ўйнай оламан?». Шифокор қовоғини уйиб қарайди: «Омадинг бўлса юриб кетасан. Бошқа гап айта олмайман». 

Бразилиялик футболчи икки ойни палатада ўтказади, у деярли юрмайди. Аммо унинг организми (балки ишончи) кучлилик қилади, декабрь ойи охирида Кака катта қадамлар ташлаб уйига йўл олади. У билан Янги йил арафасида хайрлашаётган шифокор шундай деганди: «Сен жуда омадли экансан. Сен билан рўй берган иш - мўъжиза». Футболчи болалигидан кучли эътиқодга эга бўлган ва доимо такрорлаган: «Мен Исога тегишлиман». 2001 йилнинг январидаёқ Кака «Сан-Паулу» таркибида дебют қилади, 1,5 йил ўтиб, Бразилия терма жамоаси билан бирга Жанубий Корея ва Япония майдонларида ўтказилган 2002 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқади.

Болалик, ўсмирлик ва ёшлик

Фото: Twitter

Кака одобли ва ювош болакай бўлган. У аксар ватандошларидан фарқли равишда оқ танли ва бадавлат оила фарзанди эди. У яхши таълим олди, у болалигидан художўй эди. Барча ўртоқлари уни ёқтиришар, уникига компьютер ўйнагани келишарди. Ҳатто у уйда йўқлигида ҳам келишарди, чунки уларнинг кўпчилигида машғулотлардан кейин уйга етиб олиш учун пул бўлмасди.

Қолаверса, Кака футболни зўр ўйнарди. У кўзидаги муаммоларга қарамасдан тўп билан жуда зўр муомала қиларди ва шу туфайли у 12 ёшида «Сан-Паулу» футбол мактабига киради. Аввалига у эрталаб ўқиб, кечқурун шуғулланарди. Кейин машғулотлар эрталабга кўчирилади, Кака бошқа мактабга ўтади. Якунда эрталаб ва кундузи машғулотларда бўладиган, ўқиш учун фақат кечқурун вақт қоладиган бўлди. Кака кечқурун уйга қайтар ва дарсларни қилишга ўтирарди.

«Милан» скаути Леонардо Какани жаҳон чемпионати бошланишидан аввалроқ пайқаганди – йигитча ҳар икки ўйинда гол урар ва бошқа сафдошларидан ўзининг ақлли ҳаракатлари билан ажралиб турарди. «Сан-Паулу»да Какани Плейбой деб аташарди — чунки у оқ танли оиланинг эркатой фарзанди эди. Бразилияда бу сўз шундай маънода қўлланарди. Бошқача маънодаги плейбой сўзи Какага мос эмасди. У 23 ёшида болаликдаги дўстига уйланди. Кака оила қургач, янада сермаҳсуллик кўрсата бошлайди – «Сан-Паулу» сафида 125 ўйинда 47 гол. «Милан» иккиланмасдан унинг учун 8,5 млн евро тўлайди.

Фото: Twitter

«Сан-Паулу» футболчисини Арсен Венгер ҳам пайқаганди, аммо ўшанда француз мутахассиси бу ёш плеймейкерга ишонч билдирмаган. 17 ёшида Кака Туркияга кетиши ҳам мумкин эди, аммо «Газиантепспор» унинг учун 1,5 млн евро тўлашни истамайди. Барчаси 2002 йилги жаҳон чемпионатидан кейин ўзгарди. Кака Роналдо, Роналдиньо ва бошқа юлдузлар билан Бразилиянинг турнирдаги бешинчи чемпионлигини нишонлайди.

Кака аввалига кўзларига ишонмайди. Унга Флорентино Переснинг ўзи қўнғироқ қилади, аммо 20 ёшли футболчи бунгача «Милан» таклифини қабул қилиб бўлганди.

Анчелотти билан танишув

Фото: Twitter

Карло Анчелотти «Preferisco la Coppa» («Кубокни афзал кўраман») номли автобиографиясида Кака билан биринчи учрашуви ҳақида ёзади: «Менга эндигина бир бразилиялик йигит ҳақида гапиришганди, аммо мен унинг ўйинларини ҳали кўрмагандим. У ҳақда билмасдим, фақат исмидан бошқа. Рикарду Изексон дус Сантус Лейти - бундай исм кўпроқ руҳонийларга мос эди. «Милан» уни трансфер қилди, биз уни дарҳол Италияга олиб келиш керакми ёки яна маълум муддат «Сан-Паулу»да қолдириш керакмилиги ҳақида ўйлай бошладик. Ниҳоят, мен унинг келишига розилик бердим. У келганида бошимни чангаллаб қолдим: у аҳмоқона соч турмагида ва кўзойнакда эди. У спортчига эмас, аълочи талабага кўпроқ ўхшарди. Унга фақат қўлтиғида китоблар етишмаётганди. Ёрдамчимга дедим: «Яхши, Эразмусга (Европа Иттифоқининг университетлараро талабалар ва ўқитувчилар алмашиш бўйича академик дастур) хуш келибсизлар. Агар у тўп билан ҳам яхши муомала қилса, ёмон бўлмасди».

Аммо Кака кийимини алмаштириб, майдонга тушиб келганида, мен ҳайратда қолгандим. У жангчига айланганди. Биринчи машғулотдаёқ Женнаро Гаттузо унга ташланди, аммо Кака унинг зарбаларига дош бера олди ва тўпни йўқотмасдан югурди. Бу вақтда Рино ерда ётар ва энг юмшоқ сўзлари билан уни сўкарди. Унинг сўзларини одатдаги одамлар тилига шундай ўгириш мумкин эди: «Оилангга хуш келибсан, ука». Кака яна чопишда давом этди ва тажрибали Нестани алдаб ўтиб, 30 метр масофадан тўпни дарвоза тўрига жойлади. Бу ақл бовар қилмас ҳодиса эди. Биз унинг кўзойнагини ечдик ва қизил-қора футболка кийдирдик. У эса футбол сеҳргарига айланиб қолди».

Алешандре Патунинг қийин танлови

Фото: Reuters

2007 йилда «Милан» яна бир ёш бразилиялик футболчини - Алешандре Патуни сотиб олди. 18 ёшли бу футболчи дебютидан кейин жамоа кийим алмаштириш хонасида қийин танлов қаршисида қолади. У шундай эслайди: «Роналдо сумкасидан ялонғоч аёллар сурати билан тўлган журнални олиб, бурнимга ниқтади ва ўзининг ёки хонасига иконалар суратини осадиган Каканинг гуруҳидан бирини танлашим кераклигини айтди. У айнан шундай деди: «Бизда икки танлов бор - ёки дискотекага ёки черковга борасан». Мен кўп иккиланмадим - ёш эдим».

Руҳоний бўлиш истаги

Фото: Twitter

Ўзининг ягона «Олтин тўп»ини олишдан аввал, 2007 йилнинг ноябрида Кака Италиядаги нашрлардан бирига берган интервьюсида ишонч билан, футболчилик фаолиятини якунлагач, руҳоний бўлмоқчилиги ҳақида айтганди. «Мен жуда хоҳлайман. Бунинг учун аввал назарияни ўрганишим, курслардан ўтишим ва Библия билан чуқур танишишим керак. Мен шу китобни қўлимда кўтариб ўсганман, мен бошқа кишиларни ҳам у билан таништиришни истайман. Бассейнда рўй берган бахтсиз ҳодисадан кейин менинг эътиқодим янада кучайган».

Чемпион

Фото: Reuters

2007 йил майининг илиқ кечасида Кака Афинадаги «Олимпийский» стадионида тиз чўкканча турарди. Унинг кўзлари юмуқ, қўллари осмонга кўтарилган, футболкаси кўксида эса «Мен Исога ишонаман» ёзуви битилганди. Бир неча дақиқа аввалроқ арбитр Ҳерберт Фандель Чемпионлар лигаси финалида «Милан» «Ливерпуль»ни мағлуб этгани ҳақидаги ҳуштагини чалганди.

Фото: Daily Mail

Телеэкранлар қаршисидаги миллионлаб кишилар бир неча йил ичида Кака Европа футболи юлдузига айланганига гувоҳ бўлиб туришарди. У Дида, Кафу, Мальдини, Пирло, Индзаги, Шевченко ва бошқа юлдузлар етакчисига айланганди. Унинг «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед» дарвозасига урган голи бу йигит футбол даҳоси эканини исботлаганди.

Фото: Reuters

Кака «россонери» ўйинига тезда мослашиб кетди, у ярим ҳимоя ва ҳужумнинг боғловчисига айланди. Аввалига у Руи Кошта ва Ривалдодан сабоқ олди. Футбол фахрийлари ёш Какага турли эпизодларда қандай ҳаракатланиш кераклигини, рақиб таъқибидан қандай қочиш ва бўш ҳудудларда қулай очилишни ўргатишарди. Кейинги бир неча йил ичида Кака Европа футболидаги асосий юлдузга айланди.

Фото: Милан

Кака «Милан»га келиши биланоқ Италия чемпиони бўлди, у А Серия ўйинларида 10та гол урди. Кейин яна Италия чемпионатидаги ғолибликлар, Чемпионлар Лигаси кубоги ва «Олтин тўп». 2007 йилда у Месси ва Роналду иккиси биргаликда тўплаган овозлардан икки баробар кўпроқ овоз олганди.

Фото: AP

Бу юлдуз футболчи ҳеч қачон можароларга аралашмаган. У ҳар куни ибодат қилар, черковга ва фондларга хайрия қилар, ўйинлар ва машғулотлардан кейин тўғри оиласи бағрига қайтарди. Кака паппараццилар ва сариқ матбуот учун қизиқарли шахс эмасди.

Милан-Мадрид-Милан йўналиши

Фото: Reuters

Чемпионлар лигасидаги ғалабадан икки йил ўтиб, Кака «Сантьяго Бернабеу»даги журналистлар билан тўлган залда жилмайиб ўтирар, унинг ёнида Криштиану Роналду ҳам бор эди. Бу икки юлдуз катта пуллар эвазига «Реал»га келган, энг қимматбаҳо футболчиларга айланишганди.

«Милан» молиявий қийин аҳволга тушиб қолгач, асосий футболчисини 68 миллион еврога сотишга мажбур бўлганди. Бундан аввалроқ «Манчестер Сити» Кака учун 100 миллион евро тўламоқчи бўлган, аммо футболчи бу жамоанинг истиқболига ишонмаган ва Англияга бормаганди.

«Реал»да эса бутунлай бошқача вазият эди, бу ҳар қандай ўсмир орзусидаги клуб эди. Каканинг тақдимотига 60 минг томошабин йиғилди, у Рауль Касильяс ва бошқа жаҳон юлдузлари билан бир жамоада тўп сурадиган бўлди.

Фото: Реал

Кака юлдузли таркибга тезда қўшилиб кетди, у Криштиану Роналду билан яхши жуфтлик ҳосил қилганди. Аммо у аввалги Кака эмасди, у Мадрид клуби футболкасида ўзини қизил-қора футболкадаги каби ҳис қила олмасди. У Мадридда асосий юлдуз эмасди, кўплаб юлдузлардан бири эди. Қолаверса, унга бу ерда кичик жароҳатлар безовта қила бошлади ва кўплаб ўйинларни ўтказиб юборишга тўғри келди. Кака икки марта тиззасини операция қилдирди, шундан кейин у янада кўпроқ жароҳат ола бошлади.

Фото: AP

Кунлардан бирида Флорентино Перес Каканинг олдига келиб, унинг Мадриддаги муаммоси ҳақида сўрайди. У гап фақат ўзида эмаслигини айтади. Энди рақиблар майдонда унинг ҳаракатларини олдиндан билиб қола бошлашганди. Какани Мануэль Пеллегрини ҳам, ундан кейин келган Жозе Моуриньо ҳам қўллаб-қувватлайди, улар ҳамиша футболчи томонида туришади, ёрдам беришади, қўнғироқ қилиб, сабр қилишга ва хотиржамлик сақлашга чақиришади.

Каканинг ўзи ҳам аввалги формасига қайтиш учун тинимсиз машғулот ўтказар, одатдаги режимга амал қиларди. У уйга қайтганида ҳам машғулотларни тўхтатмасди. Аммо унинг ўйини чиқмасди. Кейин Мадридга Месут Ўзил келди ва бразилиялик футболчи захирага михланди.

2013 йилда Кака «Милан»га қайтди. Афсуски, унинг «Милан»даги юлдузли онлари ортда қолганди.

Фото: Reuters

Жамоа ҳам ўртамиёнага айлана бошлаганди бу вақтга келиб. «Сан Сиро»даги ёмон бўлмаган мавсумни ўтказгач, Кака Европада ортиқ қолмасликка қарор қилди ва океан ортига – «Орландо Сити»га йўл олди. «Милан» уни афсона каби кузатди.

АҚШ Кака учун катта «асал ойи» каби бўлди. Ундан энди жон-жаҳди билан ўйнаш талаб этилмасди ва у энди ҳар ўйинда соғлиғини хавф остига қўймасди. У майдонга чиқиши ва керакли вақтда керакли жойга тўпни етказиб бериши, қулай вазиятлардан гол уриши, америкаликларни ўз техникаси билан хушнуд этиши кифоя қиларди.

3 йил давомида Кака ўзини қониқтириш учун ўйнарди ва ўз фаолиятининг якунига қараб борарди. Охирги йилларда уни оғриқлари безовта қила бошлади, толиққан организм энди дам олишга муҳтож эди. Буни Кака тўғри тушунарди. У ўз ҳаётидаги охирги ўйин олдидан кўз ёшларини тия олмади.

Фото: The Sun

У ҳамиша худо уни тўғри йўл томон йўналтирганига ишонарди. Унинг ҳаётий қарашларини ҳисобга олмаган ҳолда ҳам айтиш мумкинки, Каканинг футболчилик фаолияти идеал даражада бўлди. Камсуқум ва озғин йигитча меҳнат қилиб, ишонч билан орзуларга етишди. 

Фото: twitter/ Kaka

У 35 ёшда футболдан кетди, унинг эски жароҳатларини ҳисобга олсак, энди футбол ўйнаш қийин эди. У энди келгусида футбол мураббийи бўлиши ёки хайрия ишларига берилиши мумкин. Аммо бир нарса ўзгармайди – Кака миллионлар хотирасида бошқа ҳеч бир футболчига ўхшамас қиёфада қолмоқда. У футбол сеҳргарларидан бири бўлганди.

Ҳозирги мухлислар авлоди Криштиану Роналду ва Лионель Мессидан бошқа футболчи «Олтин тўп» олишини тасаввурига келтира олмайди. Кака эса уларни осонгина ортда қолдирганди.

Фото: Twitter

Мессини ортда қолдириш

Бразилия ва Аргентина рақобати - қуёшнинг чиқиши ва ботиши каби абадий. 2006 йил Лондонда бу икки терма жамоа ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилганди. Ўшанда Лионель Месси ўзини лапашангга айлантиришганини танасида ҳис қилганди. Ўйинда тўла устунлик қилган пентакампионлар Эланонинг иккита аниқ зарбаси эвазига ўйин охирида 2:0 ҳисобида олдинда эди. Шу маҳал тўп Какага келиб тушади, майдоннинг иккинчи қисмида турган футболчи аргентиналиклар дарвозаси томон чопади, уни Лео 50-60 метр масофада таъқиб қилиб боради, аммо ета олмайди. Кака эса рақиб жарима майдонига кирар-кирмас аниқ зарба бериб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтиради. Шундан кейин бир неча марта Какага қарши ўйнаган Месси унга яқинлашмасликка ҳаракат қилган. У ўша омадсиз пойгани унута олмаган.

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид