Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фото: Фарғонадаги қишлоқларга янги трансформаторлар ўрнатилди
Фарғона вилояти, Фарғона тумани тасарруфидаги Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига (анклав) Қирғизистон Республикаси ҳудуди орқали ўтилади. Жорий йилда ушбу қишлоқлар аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар икки қишлоққа хизмат қиладиган трансформаторлар эски ва паст қувватга эга бўлгани учун электр энергияси таъминоти бўйича турли муаммолар юзага келаётган эди.
Куни-кеча Фарғона вилояти энергетиклари томонидан ҳудудга янги 2500 киловатт қувватга эга трансформаторлар олиб чиқиб ўрнатилди.
«Қишлоғимиз ва туман маркази оралиғи 17 километр бўлиб, у ерга қўшни Республика ҳудудини босиб ўтамиз. 6123 киши истиқомат қиладиган қишлоқларимизни электр билан таъминловчи трансформаторлар 1965 йилда қўйилган бўйи алмаштирилмаган экан. Аҳоли сони кўпайиши натижасида электрга бўлган талаб ошиб, ускуналар тез-тез ишдан чиқа бошлади. Янги йил арафасида катта қувватга эга трансформаторлар ўрнатилиб, мавжуд муаммо бартараф этилгани қувончли воқеа бўлди», дейди Шоҳимардон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустамжон Тожибоев.
Вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Дилшодбек Жалиловнинг маълумотига беришича, аҳолига сифатли ва узиликсиз электр энергияси етказиб бериш мақсадида ҳудуддаги 52 дона паст кучланишли трансформаторлар ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилган.
KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов