Ўзбекистон | 10:53 / 23.12.2017
7210
3 дақиқада ўқилади

Фуқаро муҳофазаси институти ҳузурида идоралараро кенгаш ташкил этилди

Фото: Norma.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 15.12.2017 йилдаги 985-сон «Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институти ҳузурида Аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасидаги илмий ишларни ривожлантириш бўйича идоралараро кенгашни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Маълумот учун: ҳужжат Президентнинг “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 2 июндаги ПҚ–3030-сон қарорининг ижроси юзасидан қабул қилинган.

Фуқаро муҳофазаси институти ҳузурида Аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасидаги илмий ишларни ривожлантириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди.

Унинг асосий вазифалари: 

• фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи вазирликлар ва идораларга аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасида илмий ишларни ташкил этиш ва амалга оширишда кўмаклашиш;
• фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳамда фуқаро муҳофазаси тизимлари фаолияти самарадорлигини оширишга доир илмий-техник дастурлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш;
• аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари натижаларини амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш.

Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради. Қарор билан унинг шахсий таркиби ва низоми тасдиқланди. Асосий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда низомда Идоралараро кенгашнинг тегишли йўналишлар бўйича асосий функциялари, шунингдек, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унинг фаолиятини ташкил этиш масалалари, раҳбарларининг асосий функционал вазифалари мустаҳкамланган.

Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларнинг етакчи олимлари ва мутахассислари кенгаш таркибига киритилади. Идоралараро кенгаш кўриб чиқиш учун тақдим этилган илмий-тадқиқот натижаларини экспертизадан ўтказиш учун бошқа вазирликлар ва идоралар мутахассисларини жалб этиши мумкин.

Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва мажлисларини заруратга кўра, аммо ҳар йилда камида 1 марта ўтказади. Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари тавсиявий хусусиятга эга бўлади.

ФВВнинг Аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва технологияларни ривожлантириш бўлими Идоралараро кенгашнинг ишчи органи  сифатида белгиланган, унинг функциялари ҳам низомда мустаҳкамланган. Кўрсатилган бўлимнинг бошлиғи Идоралараро кенгашнинг котиби ҳисобланади. 

Ҳужжат 18.12.2017 йилдан кучга кирди.   

Мавзуга оид