Технология | 23:08 / 27.12.2017
7668
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 4,5 метрлик таъсирга эга симсиз заряд сотувга чиқади

Фото: Youtube/ WattUp Demo

Заряд станциялари телефон билан бевосита алоқани талаб қилганда уларни чин маънода симсиз деб аташ қийин. Сим тармоққа уланишга керак, телефон станциядан олинса, у дарҳол электронмагнит майдон таъсири доирасидан чиқади ва заряд олишдан тўхтайди. Шундай экан, бу заряд қурилмаларининг бари — симлардан халос бўлиш йўлидаги яримчоралар. 

Ишлаб чиқарувчилар сўнгги вақтларда симсиз зарядлар таъсир радиусини оширувчи қурилмани ишлаб чиқаришга ҳаракат қилишди. Бирйўла бир неча стартап шу йўналишда ишламоқда. Масалан, MIT битирувчилари бир вақтнинг ўзида 30 см радиусдаги бир неча гаджетни зарядлай олувчи Pi Charger қурилмасини ишлаб чиқаришмоқда. 

Бунга қадар MotherBox компанияси бир вақтнинг ўзида неча қурилмани масофадан зарядлай олувчи қурилмасини намойиш қилганди. 

Фото: Youtube/ WattUp Demo

Бироқ айнан Energous стартапининг WattUp Mid Field қурилмаси чин маънодаги биринчи симсиз ва функционал заряд қурилмаси бўлиши мумкин, чунки 4,5 метрлик масофа симлардан халос бўлиш имконини беради. У электр энергиясини радиочастоталарга айлантиради, шундан сўнг уларни девайсларга ўрнатилган махсус приёмникка йўллайди ва бу, эҳтимол, технологиянинг ягона салбий жиҳатидир.

Балки келгусида приёмникни телефонлар корпусига ўрнатишнинг уддасидан чиқилар. Ҳозир эса қурилма АҚШ Федерал алоқа комиссияси тасдиғидан ўтди. Компания уни CES 2018 кўргазмасида расман намойиш этишни режалаштирмоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш