12:20 / 31.12.2017
26992

2018 йилда энг оғир гуманитар инқироз рўй бериши кутилмоқда

© AP Photo / Jerome Delay

2018 йилда Иккинчи Жаҳон уруши давридан буён энг ёмон инсонпарварлик инқироз ҳолати юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британиянинг халқаро тараққиёт бўйича Давлат котиби Пенни Мордаунтнинг баёнотига асосланган ҳолда The Telegraph хабар бермоқда.

Бундан аввалроқ БМТ 2017 йилда Иккинчи Жаҳон уруши давридан буён энг йирик гуманитар инқироз юз бергани ҳақида баёнот берганди. Ташкилот хабарига кўра, бир неча давлатларда 20 миллиондан зиёд киши оч ва инсонпарварлик ёрдамига муҳтож ҳолатда қолмоқда.

«2017 йил энг қўрқинчли гуманитар инқирозлар йили бўлган бўлсада, 2018 йил янада ёмон келиши мумкин», — дея таъкидлаган Мордаунт.

Нашрнинг қайд этишича, Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлиги гуманитар инқироз оқибатларини бартараф этиш учун БМТ жамғармасига қўшимча 21 миллион доллар ажратишини қайд этиб ўтган. Бу маблағлар 13 миллион кишининг санитар аҳволини яхшилаш ва уларни сув билан таъминлашга сарфланади, яна 9 миллион киши Британия вазирлигининг қўшимча ёрдами туфайли озиқ-овқатлар билан таъминланиши мумкин бўлади.

Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлиги БМТнинг фавқулодда ҳолатлар оқибатларига қарши кураш учун ташкил этган жамғармасига ўтказадиган йиллик ёрдами ҳажми 55 миллион долларни ташкил этади.

Мордаунт хоним Буюк Британия бундан кейин ҳам бутун дунёдаги муҳтожларга ёрдам кўрсатишни давом этишини таъкидлаб ўтган.

Top