18:25 / 02.01.2018
30707

Хўжандда паловдан заҳарланганлар сони ортмоқда

Фото: Asia-Plus

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида паловдан заҳарланганлар сони 12 кишига етди, деб хабар бермоқда «АП» шаҳар прокуратурасига таянган ҳолда.

«Тўрт киши ҳалок бўлди, яна саккиз инсон, жумладан вояга етмаган бола ҳам, айни дамда шифохонада қолмоқда», - дея хабар беришган прокуратурадан.

Шаҳар прокуратурасидан таъкидлашларича, айни дамда заҳарланишга нима сабаб бўлгани аниқлаштирилмоқда.

Бироқ маълум бўлишича, қурбонлардан бирининг танаси ёриб кўрилганида, унинг ошқозонидан натрий нитрат (NaNO3) топилди, айнан шу одамларнинг ўлимига сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин, дея қайд этишган прокуратурадан.

Ушбу ҳолат бўйича Тожикистон Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳалок бўлганлар орасида – 57 ёшли Маъруф Алиев, 67 ёшли Комил Зоиров, 52 ёшли Комил Бадриддинов, 56 ёшли Носир Тоиров бор. Заҳарланганларнинг барчаси шаҳардаги 19-кичик туманда жойлашган уйларнинг бирида истиқомат қилганлар.

Таъкидланишича, ҳозирги пайтда барча маҳсулотлар экспертизага жўнатилган, унинг натижалари эса кейинроқ маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хўжандда паловдан оммавий заҳарланиш юз бергани, 4 киши вафот этгани хабар берилганди.

Top