16:00 / 02.01.2018
97007

«Ҳарвард муваффақият сири». Ўзбекистонлик талаба бу ҳақда сўзлаб берди

Фото: Нилуфар Кўчимова

 

​​«Мен ҳеч кимга ҳеч нимани ўргатолмайман, балки кишиларни фикрлашга йўналтириб юборишим мумкин» Суқрот 

АҚШдаги Ҳарвард университети бир неча ўн йилликдан буён жаҳон таълим тизимида ўзининг муқим ўрнига эга, обрўли илм масканларидан бири бўлиб қолмоқда. 23 ёшли Нилуфар Кўчимова 2017 йилда Ҳарвард талабаси сифатида олийгоҳга грант асосида ўқишга қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташриф билан борганида Америкадаги ватандошлар билан суҳбатлашганди. Улар қаторида Нилуфар ҳам бор. Университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган Нилуфар олийгоҳда бир семестр давомида тўплаган тажрибасидан сўнг, бир неча мулоҳазаларини Kun.uz мухбири билан ўртоқлашди. 

«Ҳарварднинг кучли ҳайратга солган илк жиҳати, шак-шубҳасиз, ундаги ўқитиш услубидир. АҚШнинг нуфузли университетлари қаторида етакчи ўринни сақлаб турган Ҳарвард ва унинг издошларида «​Суқротнинг ўқитиш услуби»​ деб номланган тизим жорий қилинган», деб сўз бошлайди Нилуфар. 

Унинг қайд этишича, ўзининг муваффақиятли ўқитиш тизими ва юксак натижалари билан бошқа олийгоҳлардан ажралиб турувчи Иви лигаси университетлари айнан мана шу услубият орқали шонли зафарларга эришмоқда. «Суқротнинг ўқитиш услуби» файласуф томонидан шогирдларига билим беришда қўлланилган ўзгармас оддий қоидаларга бўйсунади: манфаатли суҳбат асносида масалани муҳокама этиш, савол-жавоб шаклида танқидий фикрлашни ривожлантириш ҳамда илк фаразларни натижадан ажратиб олишдан иборат. Бу шундай диалектик услубки, унинг иштирокчиси ўз фикрини ҳимоя қилиши, бошқаси асослантирилган далиллар билан қарама-қарши «ҳужумга» ўтиши мумкин. 

«Ҳарвардда айнан шундай ўқитиш услуби орқали талабаларга билим берилишини эшитгандим, аммо мен учун университетнинг бундай сиёсати доимо мавҳумлигича қолаверган, уни ҳеч қачон ҳис этмагандим. Ўқитувчининг маърузаси ва китобдаги жумлаларни тинимсиз қорага кўчириб бораётган талабани кўз олдингизга келтиринг! Бундан ташқари, конспектини ёд олиб, семинар дарсларида сўзма-сўз қайтарган талаба... Шу шароитда ҳуқуқшуносликни ўрганган қиз учун Ҳарварднинг нотаниш тизими ваҳимали туйила бошлаганди. Айтиш жоизки, менда қўрқув ҳам пайдо бўлди», дейди у. 

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети битирувчиси Нилуфар Кўчимова суҳбат давомида илк пайдо бўлган қўрқувга ўқитувчилар сабабчи бўлганини таъкидлаб ўтди. 

«Ҳақиқатан, Ҳарвардда таълим берувчи профессор ва мураббийлар ўз касбининг моҳир усталари, десам адашмайман: улар «Суқротнинг ўқитиш услуби»ни пухта тушунган педагоглардир. Айрим талабалар каби, машғулотларда профессор томонидан билдирилган савол олдида кучсиз бўлиб қолмаслик учун янада қаттиқ тиришиб ўқишим керак эди. Аммо мавзулар чуқурлашиб боргани сари, профессор берадиган савол ва топшириқлар ҳам мураккаблашиб бораверди. Бу худди геометрик прогрессияга арифметик ривожланиш йўли билан етиб олишдек гап эди. Мисоли инқирозлар кўчасига кириб қолгандим, назаримда Ҳарвардда ўқиш қўлимдан келмайди», деб сўзларини давом эттирди у. 

Ўзбекистонлик Ҳарвард университети талабасининг айтишича, у «услуб»нинг асл моҳиятини тушуниб етганида барча қарашлар ўзгара бошлади. «Бир неча муддат давом этган машғулотлардан сўнг Суқрот ўз шогирдларига қандай пухта билим беришга эришганини тушуниб етдим. 

Ўқитувчининг «аёвсиз ва совуқ» саволларига ҳар қанча тайёргарлик кўриб, жавоб бера олмай қолсам-да, машғулотларга нисбатан қизиқишим асло сўнмади. Энг муҳими топилмаган саволларга жавобни топшириқлар асносида қидира бошладим. Келгуси машғулотларга одатдагидан икки карра кўпроқ китоб варақлашга мажбур эдим, аммо бу кишига ҳузур бағишлайди. Ўртадаги довга ҳар қандай талабани бахтли этувчи нарса тикилган: сиз саволга жавобни топасиз!​ Ва бу «Суқрот услуби»нинг асл моҳиятини ифодалаб беради», деб таъкидлайди Нилуфар.

Фото: Нилуфар Кўчимова

Суқрот издошлари ҳаёлингиздаги «қулайлик зонаси»ни тарк этишга мажбур этади. Соддароқ қилиб айтганда, Ҳарвард профессорининг мақсади талабани дарсга тайёр эмаслигини билдириб, уни шарманда қилиш эмас, (гарчи уй вазифалари ва топшириқлар шундай ҳолатларга сабабчи бўлса ҳам) балки ўрганувчининг қўрқув исканжасига тушиб қолиши, ўз фикрини эркин ифода эта олмасликдан асрашдир. Талаба ҳар қандай шароитда ҳам ўзининг тушунчасидаги қадрият ва эътиқодини аниқ ифода эта олиши шарт.

​«Энг муҳими ҳам шунда эди: биз қанча китоб ўқиганимиз ёки билимдан қўрқиш эмас, балки 200-300 йиллар аввал яшаган судья муайян қоидага қандай шарҳ берганини англаб, ўз муносабатимизни билдиришимиз керак. Ҳарварддаги таълимнинг биринчи семестри ўтиб бораркан, тушуниб етдимки, матнни ўқиш ва ҳар қачон савол бериш керак, ҳар бир билимни ўз ҳолича қабул қилманг», деб хотирлайди у.

​Нилуфарнинг айтишича, бу сўзлар Ўзбекистонда мавжуд ва давом этаётган олий таълимдаги ўқитиш тизимига бироз соя солгандек бўлади, бунинг билан олийгоҳлардаги ўқитишнинг устувор услуби заиф ёки хато, дегани эмас.

«​Шунга қарамай, лекция-семинарга асосланган ўқитиш тизимининг марказида ўқитувчи асосий ролни ўйнайди. Ўқитувчи тайёрланган маълумотларга таянади, яъни дарслик танланади. Талабанинг дарсдаги иштироки қандай? Нофаол кузатиб бориш, маърузани ёзиб олиш ва семинар пайти чекланган муддатда мунозарада иштирок этиш. Мен дарснинг ташкилий жиҳатларига тўхталмоқчи эмасман. Акс ҳолда услубиятдан тортиб амалий камчиликларгача суҳбатлашиш лозим.

Хулоса шундаки, мазкур тизим, айниқса ҳуқуқшунослик йўналиши талабаларига панд бериши бор гап. Албатта, Ўзбекистонда оз бўлса ҳам халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган, замонавий услубда дарсни ўтишни биладиган, «аёвсиз ва совуқ» саволлари​ билан талабани «ишлашга» мажбур қиладиган ўқитувчилар борлигини инкор этмаслик керак. Бироқ, уларнинг ҳам услуби китобдаги маълумотни кўпроқ ёдлаб олишга ундашдан бошқа нарса эмас», деб қўшимча қилиб ўтди Нилуфар Кўчимова.

Суҳбатнинг давоми келгуси мақолада эълон қилинади.

Top