Жаҳон | 20:45 / 04.01.2018
11100
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй ходимларига шахсий телефонлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди

Фото: EPA

Оқ уй АҚШ президенти Дональд Трампнинг маъмурияти жойлашган ғарбий қанотда шахсий мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаб қўйди. Тақиқлов кейинги ҳафтадан амал қила бошлайди.

“Оқ уй технологик тизимларининг хавфсизлиги ва дахлсизлиги Трамп маъмурияти учун устувор ҳисобланади, шу сабабли кейинги ҳафтадан бошлаб ғарбий қанотда меҳмонларга ҳам, ходимларга ҳам шахсий мобил телефонлардан фойдаланишга рухсат берилмайди”, деб айтган Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс.

Сандерснинг айтишича, ходимлар шахсий масалаларни ҳал қилишда хизмат қурилмаларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Bloomberg ахборот агентлигининг маълум қилишича, ходимлар оила аъзолари зарурат туғилганда улар билан боғлана олмасликларидан хавотир билдиришган.

Ушбу тақиқлов киритилишини Оқ уй аппарати бошлиғи Жон Келли хавфсизлик нуқтаи назаридан талаб қилган. Унинг фикрича, Ғарбий қанот Wi-Fi тизимига жуда кўп қурилмалар уланган, шахсий смартфонлар эса бузиб кирилишдан етарлича ҳимояланмаган. 

АҚШ президенти Дональд Трамп кўплаб марта маълумотларнинг сизиб чиқиб кетишидан шикоят қилган. Оқ уйда таъкидланишича, жорий тақиқлов маълумотлар чиқиб кетиши билан боғланмаган. 

Мавзуга оид