Америка нашрлари ёзишича, ҳужум қилган шахс – 21 ёшли Носир Бест бўлиб, у олдин ҳам Оқ уйга киришга уринганди.
Бу ҳодиса Оқ уйда Доналд Трамп иштирокидаги тадбирда рўй берган отишмадан бир ой ўтмасдан содир бўлмоқда.
Оқ уй атрофида ўнлаб ўқ овозлари эшитилгани ҳақида дастлаб CNN мухбирлари хабар беришди.
ABC телеканали мухбири Селина Ван Х ижтимоий тармоғида ўқ овозлари эшитилиб турган видеони жойлаштирган. Унда мухбир ўз телефонида видео олаётган вақтда отишма бошлангани ва у қўрқиб кетиб, яширингани акс этган.
Постда у шундай ёзиб қолдирган: «Ўқ овозлари эшитилганида мен Оқ уйнинг Шимолий ўтлоғида ўз айфонимда ижтимоий тармоқлар учун видео олаётгандим. Ўнлаб ўқ овозлари чиқди. Бизга брифинглар учун залга югуриш буюрилди. Ҳозир шу ердамиз».

Brendan SMIALOWSKI / AFP via Getty Images
АҚШ Махфий хизмати вакили CNN телеканалига маълум қилишича, маҳаллий вақт билан шанба куни соат 18:00 да (Тошкент вақти билан якшанбага ўтар кечаси соат 03:00) Оқ уй комплексидан ташқарида жойлашган 17-кўча ва Пенсилвания авенюси кесишмасида ўқ узилган.
Номаълум шахс назорат-ўтказиш пунктига яқинлашиб, сумкасидан тўппонча чиқарган ва қўриқчиларга қарата тартибсиз равишда ўт очган. Махфий хизмат агентлари бунга жавобан ўт очишган, қуролли шахс олинган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Отишма вақтида ҳудуддан ўтиб кетаётган ўткинчи йўловчи ҳам яраланган, унинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Доналд Трамп ҳам бу вақтда Оқ уйда бўлган. Махфий хизмат ходимлари орасида яраланганлар йўқ.
Трампнинг ўзи Truth Social ижтимоий тармоғида ходимларга «тезкор ва профессионал ҳаракатлари» учун миннатдорчилик билдирди, шунингдек, отишма келтириб чиқарган шахснинг «зўравонликка мойиллиги» бўлгани ҳақида ёзди.
Ҳужум қилган шахс ҳақида нималар маълум?
















