13:10 / 10.01.2018
6886

Покистон vs АҚШ. Исломобод разведка бўйича ҳамкорликни тўхтатди

Фото: AP

Покистон Америка Қўшма Штатлари билан ҳарбий ва разведка хизматлари йўналиши бўйича ҳамкорликни тўхтатмоқда. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Хуррам Дастгир Хон маълум қилди.

"Биз АҚШ билан ҳарбий маҳкамалар ва разведка йўналиши бўйича кенг кўламли ҳамкорликни тўхтатдик", - дея айтиб ўтди Мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Хоннинг сўзларига кўра, АҚШ “Афғонистонда мағлуб бўлмоқда, бу миллиардлаб доллар миқдоридаги харажатларга қарамай юз бермоқда”. Вазирнинг тахминича, Вашингтон Покистондан Афғонистондаги ўз ҳарбий муваффақиятсизликлари учун “айбсиз айбдор” сифатида фойдаланишга уринмоқда.

"Покистон келтирган қурбонлари учун нарх белгилашга ҳаракат қилаётгани йўқ, бироқ, улар тан олинишини истайди", - дея маълум қилди вазир.

АҚШнинг Исломободдаги элчихонаси эса Покистон томонидан бу борада тегишли билдиришнома олмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Американинг ушбу давлатдаги дипмиссияси матбуот котиби Ричард Снелсайр айтиб ўтди.

"Биз Покистондан ушбу масала бўйича қандайдир расмий ёки норасмий билдиришнома олмадик", - дея маълум қилган у.

Мудофаа вазирлиги раҳбарининг баёноти АҚШ Покистонга хавфсизлик соҳасида молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатиши ҳақида маълум қилганидан бир неча кун ўтиб берилди. Бундай қарор, Вашингтоннинг фикрича, Исломободнинг терроризм билан курашдаги етарли бўлмаган саъй-ҳаракатлари туфайли қабул қилинган. 

Top