08:47 / 13.01.2018
37252

Прокуратура давлат дастуридаги қийноқларга солинмаслик бўйича бандга тушунтириш берди

Тараққиёт стартегиясида бўлиб ўтган матбуот брифингида 2018 йилги Давлат дастурида суд-ҳуқуқ тизими бўйича илгари сурилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти бўйича мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди. Жумладан, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Умид Муҳаммадов Ўзбекистонда қийноқларга солинмаслиги хусусидаги бандни атрофлича шарҳлади.

Фото: KUN.UZ

“Сўнгги вақтларда Интернетнинг ўзбек сегментидаги ижтимоий тармоқларда янги Давлат дастури лойиҳасидаги айрим бандлар нотўғри талқин қилиняпти. Хусусан, Ўзбекистонда шахсга нисбатан, ғайриқонуний, ғайриинсоний ва ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларга бундан буён йўл қўйилмайди, деган мазмунда хабарлар ёритилмоқда. Бу эса, гўёки бундан аввал, Ўзбекистон қонунчилигида қийноқларга йўл қўйилган, деган тасаввур уйғотади.  

Аслида, амалдаги қонунларда ҳам суриштирув жараёнидан бошлаб ҳар қандай шахснинг қадр-қимматини камситиш, уриб-сўкиш, кўрсатма беришга мажбур қилиш мумкин эмас. Янги дастур лойиҳасида эса, айнан шу жиҳатларга янада кучлироқ эътибор қаратиш ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги, масъулиятини ошириш назарда тутилган. Бу нарсанинг доимий эътиборда бўлиши лозимлиги нуқтаи назаридан дастур лойиҳасига киритилган. 

Жиноят ишини осон суддан ўтказиш, қайсидир гуруҳлар ёки бошқа манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ноқонуний ёки тахминларга асосланган, ё бўлмаса,”заказной ишлар” дейиладиган ҳолатлар бўлмаслиги учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган. Бунда гумонланувчи ёки айбланувчига нисбатан фақат уриб-сўкиш эмас, ҳатто руҳий-психологик тайзиқ ўтказиш орқали олинган кўрсатмалар, иқрорлик кўрсатмаси олишда қонун талаби бузилгани суд жараёнида аниқланса, инобатга олинмаслиги бўйича янги талаблар қонунчилик меъёрларига кириб келади”, - деди Бош прокуратура ходими.

Top