Жамият | 12:49 / 15.01.2018
10609
2 дақиқада ўқилади

Олимлар: ҳомиладорлик хотира ва бош миянинг бошқа функцияларини ёмонлаштиради

Фото: Pixabay

Австралиядаги Дикин университети тадқиқотчилари шуни аниқлашдики, ҳомиладорлик бўлажак оналарнинг когнитив функцияларига, шу жумладан, хотирага салбий таъсир кўрсатади. Тадқиқот Medical Journal of Australia журналида эълон қилинган.

Ҳомиладорликда хотиранинг ёмонлашиши, «мамнезия», кўплаб бўлажак оналар тўқнаш келган нарсадир. Улар паришонхотирлик юзага келишини таъкидлайдилар – у ёки бу буюмни қайсидир машғулот давомида қаерга қўйганликлари, нима қилганликларини эслай олишмайди. Шунингдек, ҳомиладор аёллар ўзаро мулоқотда эътиборни бир жойга жамлай олмаслиги кузатилади ҳамда улар бу билан курашиш учун маълум бир ҳодисаларни дафтарга ёзиб қўйишлари талаб этилади. Баъзиларга эса мутолаа қилишга ҳам диққатни жамлаш муаммо келтириб чиқаради.

Тадқиқотчилар бу ҳодисага бағишланган 20 та тадқиқотнинг мета-таҳлилини ўтказишди, улар сўнгги 10 йил ичида амалга оширилган. Шунингдек, мутахассислар бошқа когнитив функцияларга алоқадор бўлган ишларни ҳам кўриб чиқишди. Тадқиқотда ҳаммаси бўлиб 1230 аёл қатнашди – 709 нафари ҳомиладор бўлган.

«Умумий когнитив қобилиятлар, хотира ва ижро функциялари ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида анча ёмонлашган (ҳомиладор бўлмаган аёллар билан таққослаганда), - дея таъкидлайди иш муаллифлари. - Шунингдек, узоқ муддатли тадқиқотларда дастлабки икки уч ойликда ҳам умумий когнитив функциялар ва хотира ёмонлашиши аниқланди».

Бундай ўзгаришлар ҳомиладор аёллар ҳаёти сифатига қандай таъсир ўтказишини аниқлаш учун яна қатор тадқиқотлар талаб этилади, деб ҳисоблашмоқда олимлар. Бироқ, уларнинг қайд этишича, хотира ҳамда когнитив функциялар ёмонлашса ҳам, улар барибир керакли нормадан пастга тушмайди. Лекин ҳомиладорликнинг бош мия учун анча жиддий оқибатларини қидириш, бунга тўқнаш келган аёлларга ёрдам кўрсатиш усулларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид