Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адашганлар қисмати
- Ўгай онам жонимдан тўйдирди, - деди Зебо (исм-фамилиялар ўзгартирилган) таниши Асқарга Наманган шаҳридаги Хотира хиёбонида ўтирганида. – Аслида ўшани деб кўчага чиқиб кетганман. Акамни ҳам туҳмат билан қаматиб юборган ўша...
Асқар Зебонинг онаси ўгай эканини эшитган, шу боис унга ачиниш билан қараб ўтирарди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
- Менинг ҳам бошқалар қатори ўз оилам билан бахтли яшашга ҳақим бор-ку, тўғрими?! – яна ҳасратини давом эттирди Зебо. – Онам бўлса, мени таниш-билишларга ўғри, бузуқ, деб гап тарқатиб юрибди. Ҳозир қариндош-уруғлар мен билан гаплашмай қўйган...
Қиз яна бироз ҳасрат қилганди, ҳали вояга етмаган Асқарнинг ғазаби қўзғади:
- Э-э, бунақа аёлни ўлдириб юбориш керак!
Зебонинг миясида ҳам аввалроқ шундай фикр пайдо бўлган, бироқ уни қандай амалга ошириш ҳақида бир тўхтамга келгани йўқ эди. Асқарнинг бу гапидан кейин у ҳам “жонланди”.
- Мен ҳам шу ҳақда ўйлаётгандим, аммо бир ўзимнинг қўлимдан ҳеч иш келмайди. Агар сен ёрдам берсанг...
- Бу ёғидан хавотир олманг, сизга ўзим ёрдам бераман. Айтганча, Сардобада ишлайдиган танишларим бор – Исмоил. Ёрдам сўрасак, йўқ демас...
Бу дадиллик Зебонинг юрагидаги адоват оловини янада “гуриллатиб” юборди, у ўзига-ўзи: “Ана энди кўрасан мендан, сен... Дадамни ўзингга оғдириб олдинг. Акамни бегуноҳ қаматиб, оиламизнинг бор бойлигига эга чиқдинг. Энди сен билан бошқа гаплашадиган кун келди – яшашга ҳақинг йўқ, сен ўлишинг керак!..”
Зебо эндигина 18 баҳорни қарши олган, айни ҳаёт завқини туядиган ёшда. У тенги қизлар бу паллада қайсидир олий ўқув юртида таҳсил олаётган, ё касб-ҳунар сирларини эгаллаб, порлоқ келажаги учун пойдевор қўйишга улгуришган. Зебо эса ўзи учун “қора қисмат”ни танлади. Ўгай онанинг панд-насиҳатларини, яъни “ўқи, ҳунар ўрган”, деган ўгитларини “ўгай бўлгани учун кўра олмаслик”, дея баҳолади. Ўзи сингари “кўча ҳаёти”ни маъқул билган дугоналарига қўшилиб, Наманган шаҳрида паноҳ топди.
Унинг ҳаёти вақт ўтган сайин оғирлашиб, ҳаром-ҳарижга ботиб борарди. Шундан бўлса керак, унинг қалбидаги ўгай онага бўлган адоват борган сари кучая борди. Боз устига, акаси гиёҳванд моддалар савдосига аралашиб қолиб қамалди-ю, Зебо баттар жазавага тушди.
Зебо ва Асқар разил мақсадларига эришиш учун Исмоилнинг ёнига бориб, бироз ёлғон ишлатишди.
- Юр, онамдан пул олиб келамиз. Кейин сен танлаган ресторанда меҳмондорчилик қиламиз! – деди Зебо унга.
Исмоил бу таклиф ортида “нимадир” борлигини сезди. У муқаддам ўғирлик жинояти содир этиб, қамалиб чиққан, Асқар ёнига бесабаб келмаслигини яхши биларди.
Учовлон кечки пайт учрашишди. Зебо йўловчи машина тўхтатиб, дарров ёлғон тўқиб ташлади:
- Ака, бу йигитлар менинг укаларим... Ота-онамга билдирмай қочиб кетишганди. Ҳозир тутиб олдим. Илтимос, бизни Уйчига ташлаб қўйинг. Ёнимда пулим йўқ. Ярим кечада кўча-кўйда тентираб юрмайлик...
Ёлғон иш берди – ҳайдовчи уларни айтилган манзилга ташлаб қўйди.
Ярим тун... Қоронғулик борлиқни ўз бағрига сингдириб юборган. Бу паллада Зебонинг ўгай онаси ҳовлидаги каравотда ухлаб ётарди.
Йўлда Асқар ва Зебодан “режа” ҳақида эшитган Исмоил аста сўради:
- Уйда онангдан бошқа яна биров бўлса-чи?
- Ҳеч ким бўлмайди, - деди Зебо ишонч билан. – Акамни ўша жодугар қаматиб юборган, отам ишда... Сизлар ичкарига кириб, онамнинг оёқ-қўлини боғлаб берсанглар бўлди. У ёғини ўзим боплайман.
Улар боғ этагидаги девордан ошиб ҳовлига тушишди. Хоналарни айланиб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилишди. Бу орада даҳлизда турган сумкачадан Зебонинг онаси Шоҳсанам Йўлдошевага тегишли фуқаролик паспорти ва бир даста пулни олиб, киссага уришди. Кейин аёл ухлаб ётган каравотга яқинлашишди. Улар ҳар қанча эҳтиёткор бўлишмасин, Ш.Йўлдошева уйғониб кетди ва:
- Ўғрилар! – деб бақириб юборди.
Гуруҳ аъзолари буни кутишмаганди. Шу боис, режасиз ҳаракат қила кетишди. Асқар каравотга чиқиб, аёлни бўға бошлади. Зебо ҳам ёрдамга ошиқди. Бир қўли билан бўғиб, иккинчиси билан онасининг оғзини беркитмоқчи эди, аёл жон аччиғида бармоқларини тишлаб олди ва яна бақира бошлади.
Бундан баттар саросимага тушган Зебо энди ёстиқни олиб, аёлнинг оғзига босди. Асқар билан Исмоил эса қўшнилар чиқиб қолишидан қўрқиб, қочиб кетишди. Зебо муддаосига етмасдан бу ердан кета олмаслигини ўйлаб, онасини баттарроқ бўға бошлади.
Ш.Йўлдошева аввалига қаршилик кўрсатди. Аммо навқирон қизга кучи етмаслигини сезиб, айёрлик билан ўзини ўлганга солди. Тайинки, унинг ҳийласи иш берди. Зебо онасини ўлди, деб ўйлаб, қўлини олганди ҳамки, Ш.Йўлдошева жон-жаҳди билан унинг сочига ёпишди. Алдангани алам қилган қиз бор кучи билан аёлнинг дуч келган жойига мушт тушираверди. Бироқ ўгай она энди анчагина ўзини ўнглаб олган, қизга қаршилик кўрсата оларди. Шу билан бирга, бақириб қўшниларни ёрдамга чақирарди.
Зебо қараса, қўшнилар йиғилиб, қўлга тушадиган. Шунинг учун ҳам ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноятни охирига етказа олмай қочиб қолди.
У ярим тунда асфальт йўл бўйлаб югуриб борар экан, ортидан келиб тўхтаган машина ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи бўлган икки нафар қизга гўё дугонасиникига меҳмонга келгани, тунда унга қўшни йигитлар тажовуз қилмоқчи бўлишгани, шу боис қочиб келаётганини айтди.
Қиз ёлғонни шу тарзда ишонарли баён этардики, ошхоналардан бирида официант бўлиб ишлайдиган икки дугонанинг унга раҳмлари келиб, ўзлари билан Наманган шаҳридаги уйларига олиб кетишди.
Зебо бу иш шундайлигича ёпилиб кетади, деб ўйлаганди. Бироқ Ш.Йўлдошева қоронғуда бўлса ҳам ўгай қизини таниб қолганди. Унинг кўрсатмаси билан Зебо ҳамда унинг жиноий шериклари қўлга олинди.
Суд бўлди. Ҳали вояга етмаган икки коллеж ўқувчисини жиноят кўчасига етаклаган Зебо Йўлдошева саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Вояга етмаган Асқар Маҳмудов етти йилга, Исмоил Қамбаров эса олти йил муддатга симтўрлар ортига равона бўлди...
Фарзанд кўрган ота-она не-не орзулар қуршовида дилбандига исм қўяди. “Ортимдан авлодимни давом эттирсин”, дея ният қилади.
Асқар, Исмоил, Зебо... Булар ҳам яқинларини шоду хуррамликка кўмиб, дунё юзини кўришган. Атак-чечак қадам босганларида, бўй етиб, овози дўриллаган йигитлар, гулдек ғунча очишга ошиқаётган қизлар сафига ўтганларида, “Илоҳим кўз тегмасин, боламга!” дея ота-оналари еру кўкка ишонишмагани табиий.
Минг афсуски, улар учун қилинган барча орзулар орзулигича қолиб кетди. Кечагина “Шердек шунқорим бор”, дея кўкрак керган ота-оналарнинг бошлари эгилди.
Ушбу жиноят тафсилотлари бежиз баён этилмади. Муддао – ёшларни бу каби чиркин ва разолат кўчасига кириб қолишдан огоҳ этиш, илм ва ҳунар эгаллаб, келажакни ёрқин саҳифалар билан тўлдиришга ундашдир.
Мавзуга оид
20:20 / 23.06.2026
Шавкат Мирзиёев Наманган халқаро гуллар фестивалининг меҳмони бўлди
17:48 / 23.06.2026
Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятини ривожлантириш бўйича муҳим топшириқлар берди
14:38 / 23.06.2026
Наманганда сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар тақдим этилди
13:53 / 23.06.2026